Линклар

Атом бомбаси ташланган кунга 60 йил тўлиши муносабати билан Япониянинг Хиросима шаҳрида хотира маросими ўтказилди.


1945 йил 6 августи тонгда Америка ҳарбий самолётидан ташланган атом бомбаси шаҳар узра соат 8 дан 45 дақиқа ўтганда портлаган эди.
Шаҳарнинг Тинчлик боғида 55 минг нафар атрофида одам йиғилди. Маросимда Япония раҳбарияти иштирок этди.
Япония Бош вазири жумладан бундай деди:
- Биз ядровий қуроллар тарқалишига қарши жаҳон ҳамжамиятининг курашини бошқариш учун қўлимиздан келган барча ҳаракатни қиламиз. Дунё бу қуролдан қутулиши учун барча ишни қиламиз.
Япония парламенти қуйи палатаси раиси Йохеи Коно маросимга йиғилганларга мурожаат қилиб, бундай деди:
- Бомбардимон қурбонларига ўрнатилган ёдгорликка "Жойингизда тинч ётинг, яна бир бор бундай хато қилинишига йўл қўймаймиз", деб ўйиб ёзилган. Хўш, қандай хато ҳақида сўз бораяпти? Хатомиз шундаки, Япония 19 асрда империя қайта тикланган пайтдан тортиб то атом бомбаси портлатилган 45 йилгача урушга элтувчи йўлдан юрди.
Атом бомбаси инсоният тарихида биринчи бор портлаган кунда бирваракайига 140 минг одам нобуд бўлган эди. Орадан 3 кун ўтгач иккинчи атом бомбаси Нагасаки шаҳрига ташланди ва 80 минг киши ўлди.
Кўп ўтмай Япония мағлуб бўлганини тан олди ва Иккинчи жаҳон уруши якунига етди.
XS
SM
MD
LG