Линклар

logo-print

Нигора Ҳидоятова калтакланди


Тўлқин 8 август куни АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси олдида норозилик акцияси бўлиши мумкинлиги ҳақидаги маълумот ҳуқуқ-тартибот органларини фавқулодда чоралар кўришга мажбур қилди.

Эрталабдан элчихона жойлашган кўча икки томондан тўсилиб, ҳатто бу ерга ер қазийдиган машина ҳам олиб келиб қўйилди. Аммо норозилик акцияси иштирокчиларидан дарак бўлмади.

Элчихона олдида ўтиши мўлжалланган норозилик акциясидан аксарият пикетларда қатнашадиган инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари бехабар бўлиб чиқди. Аммо улар ўзларининг 8 август куни тонгданоқ негадир уй қамоғида ушлаб турилганини маълум қилди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Елена Урлаева эрталабдан уйига бостириб киришгани, уникига келаётган “Озод деҳқонлар” партияси етакчиси Нигора Ҳидоятова эса ташқарида номаълум аёллар томонидан калтакланганини билдирди.

Н.Ҳидоятова “Озодлик” мухбири билан суҳбатда ўзини Е.Урлаеванинг уйи йўлагида бир гуруҳ ёлланган фоҳишалар калтаклаганини таъкидлади.

“Чамаси Урлаеванинг уйини бутун бошли милиция батальон қўриқлаяпти. Мени қандайдир фоҳишалар калтаклади. Милиция томонидан ёлланган бу аёллар ҳам уй олдида турган эди”, - деди Н.Ҳидоятова.

Н.Ҳидоятова бу ердаги кўп сонли милиция ходимлари ҳар доимгидек бу воқеани томоша қилиб турганини қўшимча қилди.

Баъзи инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари фикрича, АҚШ элчихонаси жойлашган кўчанинг тўсилиши ҳуқуқ-тартибот ходимларининг ўқув-амалий машғулоти бўлими ҳам мумкин.

Бошқа маълумотларга кўра, қандайдир кишилар Қашқадарё вилоятидан келиб, 8 август куни Америка элчихонасини пикет қилмоқчи бўлган.

“Менга етиб келган сўнгги маълумотларга кўра, Қашқадарёдан бир неча оила пикетга келмоқчи бўлган. Лекин улар қандай талаб билан чиқмоқчи бўлгани менга номаълум. Фикримча, улар пикет жойигача етиб кела олмаган”, - деди ҳуқуқ ҳимоячиси Суръат Икромов.
XS
SM
MD
LG