Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:42

Жиззахга элчихоналар вакиллари келгач, тазйиқлар янада кучайди


Феруза 2 август куни “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани бўлими фаоли Гавҳар Йўлдошева номаълум шахс томонидан шафқатсизларча калтакланди.

Маълум бўлишича, Г.Йўлдошева кечки пайт нон сотиб олиш учун кўчага чиққанида ҳужумга учраган. Калтакланиш оқибатида у бош мия чайқалиши жароҳати билан туман шифохонасига ётқизилган.

Шифохонада Г.Йўлдошевадан хабар олган жиззахлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроев бу воқеа туфайли жабрдийданинг эрига тазйиқ бўлаётганини маълум қилди.

“Жиноят қидирув бўлими бошлиғи барча айбни Г.Йўлдошеванинг эри зиммасига юклаш мақсадида ҳатто уни қийноққа солган”, - деди Б.Ҳамроев.

Маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари ўзларига нисбатан турли кўринишдаги тазйиқлар вилоятга яқинда АҚШ ва Буюк Британия элчихоналари вакиллари келиб-кетганидан кейин янада кучайиб бораётгани билдирмоқда.

Инсон ҳуқуқлари халқаро жамияти Зарбдор тумани бўлими фаоли Зиёдулла Раззоқовнинг сўзларига қараганда, 7 август куни ҳуқуқ-тартибот ходимлари уни куч ишлатиб, туман ички ишлар бўлимига олиб борган ва турли таҳдидлар қилган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Жиззах тумани бўлими раиси Маъмуржон Азимов эса маҳаллий ҳокимият вакиллари тазйиғига учрамоқда. Ҳуқуқ ҳимоячиси Ўктам Пардаев ҳозиргача уй қамоғида ўтирибди.

“Фуқаро кийимидаги ички ишлар ходимлари мени дарвозамдан ташқарига чиқишга қўймайди. Қаерга борсам, улар орқамдан қолмайди”, - деди Ў.Пардаев.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Жизах вилояти бўлими раҳбари Бахтиёр Ҳамроев вилоятда ҳуқуқ ҳимоячиларига тазйиқлар кучайиб бораётгани сабаблари ҳақида тўхталиб: “Биз ўзаро анча жипсроқмиз, фаолроқмиз. Бундан ташқари, байрам яқинлашяпти. Қолаверса, Ўзбекистонда АҚШ ва Буюк Британия сиёсатига қарши ташвиқот олиб бориляпти. Уларнинг элчихоналари вакиллари эса Жиззахга келиб, ҳолимиздан хабар олди”, - деди.

Б.Ҳамроевнинг билдиришича, 1 август куни Буюк Британия элчиси билан учрашувда қатнашгандан кейин “Эзгулик” жамияти Зарбдор тумани бўлими раҳбари Мамаражаб Назаров дом-дараксиз кетган. Унинг қаердалиги шу кунгача ҳам номаълум.
XS
SM
MD
LG