Линклар

Ҳуқуқ ҳимоячилари Москвада йиғилди


26 июлдан 6 августга қадар БМТ ташаббуси билан Москва шаҳрида МДҲ мамлакатларида фаолият кўрсатаётган инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари учун махсус семинар бўлиб ўтди.

Семинарда Ўзбекистондан ҳам 6 нафар инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси иштирок этди. Шунингдек, унда Россия ҳукумати вакиллари ҳам қатнашди.

“Россиялик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ўз мамлакати ҳукуматини ошкора ва қўрқмасдан танқид қилиши бизга анча таъсир қилди”, - дейди семинар иштирокчиси фарғоналик Аҳмаджон Мадумаров.

Унинг айтишича, анжуман қатнашчилари Россиядаги инсон ҳуқуқлари борасидаги вазиятни муҳокама қилгач, Андижон воқеаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтган. Ўзбекистонлик ва қирғизистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Андижон фожеаси ҳақида гапириб, халқаро ташкилотларни бу воқеани ўрганиш борасида янада фаолроқ ишлашга чақирган.

Семинарда АҚШ, БМТ, нуфузли халқаро ташкилотлар ва давлатлар келгусида Ўзбекистонга ёрдам кўрсатаётганда мамлакатда демократия борасидаги силжишларни ҳам назарга олиши лозимлиги таъкидланди.

А.Мадумаровнинг билдиришича, анжуманда Ўзбекистон бундай ёрдамларни демократияни ривожлантиришга эмас, балки бошқа мақсадларда ишлатаётгани айтиб ўтилган.

Семинарда қатнашган МДҲ мамлакатлари инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ўзаро ахборот алмашинувини йўлга қўйишга, алоқаларни кучайтиришга, тез-тез учрашиб туришга келишиб олди.
XS
SM
MD
LG