Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:46

Ҳаёт Неъмат “Шарқ тароналари”ни бойкот қилишга чақирди


Озодбек Самарқанд шаҳри Тожик маданияти жамғармаси раиси Ҳаёт Неъмат бу ерда 15 август куни бўлиб ўтадиган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалини бойкот қилишга чақирди ва шу куни очлик эълон қилишини билдирди.

Ҳ.Неъмат бундай қарорга келишига маҳаллий маъмурлар жамғармани рўйхатга олишни турли баҳоналар билан 12 йилдан буён пайсалга солаётгани сабаб бўлганини маълум қилди.

Ушбу жамғарма 1990 йил июнда Тожик маданияти маркази сифатида билан иш бошлаган эди. Аммо 1993 йилда маъмурлар марказни вилоят адлия бошқармасида рўйхатдан ўтказишни тавсия этгандан кейин барча сарсон-саргардонликлар бошланди. Бу орада марказ жамғармага ҳам айлантирилди.

Жамғарма раиси, шоир Ҳ.Неъмат ташкилоти рўйхатга олинмаётганига сабаб ўзининг “қора рўйхат”да туриши эканини, буни ҳатто расмийлар унга очиқча айтганини таъкидлади. Ҳ.Неъмат ташкилотни рўйхатга олиш пайсалга солиниши ортида маҳаллий ҳокимлик ва вилоят миллий хавфсизлик бошқармаси турганини айтди.

Унинг билдиришича, Тожик маданияти маркази 1990 йилда иш бошлаганда унга берилган тарихий бино ҳам яқинда суд қарорига кўра жамғармадан олиб қўйилган.

Самарқанд шаҳри фуқаролик ишлари суди вакили Ўткир Бегматовнинг эътирофича, жамғарма эгаллаб келган мазкур тарихий бино давлатга тегишли ва у давлат муҳофазасида бўлиши лозим. Шунинг учун суд уни жамғармадан олиб қўйиш ҳақида қарор чиқарган.

Ҳ.Неъматнинг таъкидлашича, агар жамғарма рўйхатга олинмаса, у хорижий давлатларни Самарқанд шаҳрининг Регистон майдонида 15 август куни бошланадиган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқий фестивалини бойкот қилишга чақиради, шунингдек, очлик эълон қилади.

“Демократия ва инсонпарварлик бўлмаган мамлакатда халқаро маданий тадбирлар ўтказилмаслиги керак”, - деди Ҳ.Неъмат.

Ҳ.Неъмат муаммо фақат жамғарманинг рўйхатга олинмаётганида эмаслигини, тожик миллатига мансуб кўп минг сонли аҳоли яшайдиган Самарқанд шаҳрида тожик тилида таълим-тарбия ишлари аҳволи жуда ёмонлигини таъкидлади.

“Мустақилликдан аввал шаҳарда тожик тилида дарс ўтиладиган 20 та мактаб бор эди. Ҳозир бирорта бундай мактаб йўқ. Тожикистондан келтириладиган дарсликлар ҳам маън қилинган”, - деди Ҳ.Неъмат.
XS
SM
MD
LG