Линклар

logo-print

Навбатдаги фармон ҳам 2008 йилдан кучга киради. Қизиқ?!


Тўлқин 9 август куни Ўзбекистон президенти “Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқини судларга ўтказиш тўғрисида” фармон чиқарди. Бироқ фармон роппа-роса 2 ярим йилдан кейин, 2008 йилнинг 1 январидан кучга киради.

Айни пайтда Ўзбекистонда қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи прокуратурага тегишли.

Соҳа вакиллари фармоннинг қабул қилинишини ижобий қабул қилмоқда.

Юрист Бахтиёр Расулов фармонни маъқуллар экан, энди терговни ҳам прокуратура ихтиёридан олиш керак, деган фикрни билдирди. Ўшанда тергов ҳам мустақил иш олиб бора олади.

“Дастлабки тергов пайтида қамоққа олиш ҳуқуқи прокуратурадан судларга берилганда, адолат бироз бўлса-да, рўёбга чиқарди. Ҳозир прокуруратура ўзи санкция беради, ўзи терговни назорат қилади. Шунинг учун прокуратура гумонланувчини қамашдан манфаатдор”, - деди Б.Расулов.

Адвокат Дилбар Усмонованинг сўзларига қараганда, ҳозирги шароитда Ўзбекистонда прокуратура судларга нисбатан баъзи устунликларга эга. Жумладан, судларда прокурор протести катта кучга эга. Шунинг учун судларда прокурорлар кўпроқ ютиб чиқади.

Ўзбекистон қонунларига кўра, ички ишлар ходимлари жиноятчи деб гумон қилиниб, қўлга олинган шахсни уч кунгача ҳибсда ушлаб туриши мумкин. Бироқ баъзи шахсларнинг Миллий хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги идоралари ертўласида ойлаб сақланиши қанчалик қонуний?

Юрист Б.Расуловнинг билдиришича, аслида жиноят содир этишда гумон қилинган шахслар ертўлаларда эмас, балки тергов изоляторида сақланиши керак.

Фармонда у кучга киргунча қадар Ўзбекистон Жиноят-процессуал, Жиноят-ижроия кодекслари ва бошқа қонун ҳужжатларига пухта ишлаб чиқилган тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, хорижий тажрибаларни ўрганиш, босқичма-босқич ва изчил ўтказилишини таъминлаш кабилар тўғрисида сўз боради.

Хўш, бу жараёнда яна қандай ҳолатларга эътибор қаратилиши лозим?

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суръат Икромовнинг фикрича, фармонга тўла риоя қилиниши учун, аввало, суд ва ҳуқуқ-тартибот тизимини тўла ислоҳ қилиш лозим. Акс ҳолда фармон фақат қоғозда қолиб кетаверади.

Адвокат Д.Усмонованинг таъкидлашича, бу фармон самарали ишлаши учун прокуратура назорат органи экани ҳақида Конституцияда белгиланган бандни бекор қилиш лозим. Барча нарса прокуратурага боғлиқ бўлгани сабабли адвокатларнинг мавқеи пасайган.

Аксарият суҳбатдошлар фармоннинг кучга кириши учун бергиланган 2,5 йиллик муддат кўп эмаслиги, чунки унга тайёргарлик анча вақт талаб қилишини билдирди.

Аммо инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси С.Икромов ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисидаги фармон каби бу ҳужжат ҳам 2008 йилдан кучга кириши замирида бирор сиёсий мақсад бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

“Фикримча, бу фармон 2006 йилдан ҳам кучга киритиш мумкин эди. Чунки олти ой муддат барча юридик ҳужжатларни тайёрлашга етади. Менимча, бу каби ҳаракатлар президентни яна бир муддатга қолдириш мақсадида қилиняпти. Унинг ҳозирги муддати 2007 йилда тугаши эътиборга олинса, худди шу вақтда президент бошлаган ишларини ниҳоясига етказиши керак, деганга ўхшаш кампания авж олиши мумкин”, - деди С.Икромов.
XS
SM
MD
LG