Линклар

Ўзбекистон парранда гриппи тарқалишига тўсиқлар қўйяпти


Феруза Қозоғистон ва Россияда парранда гриппи тарқагани сабабли Ўзбекистон ҳукумати мамлакатга ушбу давлатлардан парранда маҳсулотлари олиб кирилишини вақтинча тақиқлаб қўйди.

Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ветеринария бош бошқармаси раҳбари ўринбосари Собир Ашуров “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бу маълумотни тасдиқлади.

“Бу давлатлардан Ўзбекистонга тирик парранда, парранда гўшти ва унинг бошқа маҳсулотларини олиб кириш вақтинча тақиқланди. Ўзбекистон чегараларида, ветеринария, санитария, карантин постларида назорат кучайтирилди”, - деди С.Ашуров.

С.Ашуровнинг билдиришича, парранда гриппининг Ўзбекистон ҳудудига тарқалиши хавфи бор. Аммо айни пайтда бу хавфнинг олдини олиш чоралари кўриляпти.

“Парранда гриппи касаллиги вируси Ўзбекистон об-ҳавоси шароитида узоқ яшай олмайди”, - деди С.Ашуров.

Ўзбекистон давлат санитария эпидемиология маркази вакиласи Венера Баратованинг сўзларига қараганда, мамлакатда парранда гриппи тарқалиши олдини олиш мақсадида ўтган ой охирларида тегишли ташкилотлар билан биргаликда эпидемияга қарши кураш фавқулодда комиссияси тузилган. Ҳозир бу комиссия Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида ташкил этилган махсус штаб билан доимий ҳамкорликда ишлаяпти.

Маълум бўлишича, шу кунга қадар Ўзбекистонда парранда гриппи мутлақо қайд этилмаган.
XS
SM
MD
LG