Линклар

Ихтиро фойдали бўлса, нега унга эътибор кам?


Лобар Университет ўқитувчиси мамлакат қишлоқ хўжалиги учун жуда фойдали ҳисобланган ўғит яратганини даъво қилаётган бўлса-да, уни амалиётга жорий этишга негадир жиддий эътибор қаратилмаяпти.

Гулистон давлат университети физика-математика факультети ўқитувчиси Нурқул Мамадиёров ўзи яратган азот асосли мис микроўғити ўсимликларнинг ривожланишига ёрдам беришини, шунингдек, пахта ва буғдойда учрайдиган замбуруғли касалликлар ҳамда зангга қарши курашда самарали эканини айтмоқда.

Олимнинг сўзларига қараганда, мазкур ўғит ихтиро қилинганига 30 йилдан ошган. Аммо шу вақтгача уни амалиётга тадбиқ этишнинг имкони бўлмаган. Унинг қишлоқ хўжалигида ўғит сифатида ишлатила бошлаганига эса эндигина олти йил бўлган.

“1999 йилда занг касаллиги кучли тарқагандан буён ўғитни ишлатиб келамиз. Бир гектар буғдой майдонига ишлов бериш учун ўғитнинг 1 фоизли концентратидан 6-12 литр керак бўлади. Бу ўғитни полиз экинларига ҳам ишлатиш мумкин. Агар пиёзга қўлланилса, ҳосилдорлиги 12 фоизгача ошади ва ҳосилнинг сифати яхшиланади. Умуман, ўғитни карамдан ташқари барча ўсимликлар, жумладан, мевали дарахтларга ҳам қўллаш мумкин”, - дейди Н.Мамадиёров.

Айни пайтда Гулистон давлат университети лабораториясида ушбу ўғит-препаратнинг буғдой унувчанлигига таъсирини ўрганиш борасида тажриба ишлари олиб бориляпти.

Университет умумий биология кафедраси мудири Ҳабиб Хушиевнинг айтишича, препарат комплекс хусусиятга эга. Яъни уни нафақат ўсимликлардаги касалликларга, балки айрим зараркунанда ҳашаротларга қарши ҳам ишлатиш мумкин.

Ҳ.Хушиевнинг билдиришича, препарат мис купоросига ўхшаб кетса-да, таркиби ва олиниши жиҳатдан ундан фарқ қилади. Яъни ўсимликлар озиқланиши осон бўлиши учун мис ион ҳолатига келтирилади.

Мазкур ўғитни сотиб олиш учун келаётган деҳқон ва фермерлар сони тобора кўпайиб боряпти. Сирдарё туманидаги “Нозим” фермер хўжалиги раҳбари Бувинор Мирзаалиева ҳам препаратдан фойдаланган. Аммо у ўғит бироз қимматлик қилаётганини айтади.

“Унинг таъсири ёмон эмас. Ширани йўқ қилади. Бунинг катта фойдаси бор. Чунки ўсимлик ҳосилини шира тамом қилади. Агар препарат арзон бўлса, 10 гектар еримнинг ҳаммасига сепмоқчи эдим. Аммо бунча ерга 30-40 минг сўмлик препарат сотиб олиш керак. Бунга менинг кучим етмади”, - деди фермер.

Тажрибаларда азот асосли мис микроўғити ижобий натижалар бермоқда. Аммо унинг нега шу кунгача оммавийлашмаётгани ҳақидаги саволга Н.Муҳаммадиев жавоб беришни истамади.

Бундан икки йил илгари Н.Мамадиёров ўз ихтиросига на маҳаллий ҳокимлик, на университет раҳбарияти жиддий эътибор қилаётгани ҳақида гапирган эди. У ишни ривожлантириш учун кичик корхона очишга маблағи йўқлигини билдирганди. Олим ихтиросини хорижга сотиб юбориши ҳам мумкинлигини, аммо Ўзбекистонда яратилган ихтиро шу ернинг халқиники бўлиб қолишини исташини айтган эди.
XS
SM
MD
LG