Линклар

Марказий газеталар шарҳи


Шайбон

Ўтган ҳафтада марказий газеталарда меъморлик ва деҳқончиликдаги ютуқлар, партиялар йиғилишларида қабул қилинган қатъий қарорлар ҳақидаги саҳифа-сафиҳа мақолалардан ташқари қуйидаги бирмунча эътиборталаб материаллар чоп этилди.

“Ўзбекистон овози” газетасининг 2 август сонида сиёсий шарҳловчи Иброҳим Норматовнинг “Тўғри гапнинг тўқмоғи” сарлавҳали памфлети чоп этилди. Қирғизистон расмийларининг АҚШ ҳарбий базаси борасидаги қароридан кўнгли чўккан муаллиф, жумладан, бундай ёзади: “Хўш, Қирғизистон президентининг Остонадаги баёноти-чи? Халқда яхши яшаш учун ё зар билан, ё зўр билан бўлиш керак, деган мақол бор. Қирғизистон раҳбарияти биратўла зарни ҳам, зўрни ҳам танлади. Ажабо, бунга унинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотидаги шериклари нима дейишар экан? Нима ҳам дейишарди, шерикмисан ёки ҳаммолмисан, дейишса керак”.

Қилган айни хулосасидан у қадар кўнгли тўлмаган муаллиф мақола давомида эътиборини Қирғизистондан бевосита АҚШга қаратади: “Афтидан, АҚШ икки ён қўшни, икки қардош халқ, икки оға-ини ўртасида ғараз уйғотиб, низо туғдиришга астойдил аҳд қилган кўринади. Уларнинг-ку мақсади аниқ. Лекин Қирғизистон раҳбарларига не бўлди? Наҳотки, улар икки кемага оёқ қўйган ғарқ бўлишлигини билишмаса?! Наҳотки, бу ўйин икки қардош-жондош халқ ўртасида низо пайдо қилишга қаратилганини англашмаса?”


“Ҳуррият” газетасининг 3 август сонида Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти ходими Ўрал Ҳайитовнинг “Уйғоқлик” сарлавҳали мақоласи босилди. Мақолада Усама бин Лодин ва унинг, муаллиф фикрича, атайин қўлга олинмаётгани сабаби ҳақида бундай ёзилади: “Мени бир савол доимо ўйлантириб юради. Усама бин Лодин тоғнинг бир дарасига суриб олиб борилган бўлса, нимага уни қўлга тушириш қийин кечмоқда? Қўлга тушириша олмаётибдими ёки хоҳлашмаётибдими? Суҳбатларда, учрашувларда мен хоҳлашмаётибди, деб таъкидлар эдим. Мантиқан ўйлаб қаралса, Усама бин Лодин қўлга олинмаса, фойдалироқ. Кимга фойдали эканлигини таъкидлашга ҳожат йўқ!”

Аммо муаллиф мақола давомида Усама бин Лодин қўлга олинмаса кимга фойдали бўлиши ҳақидаги сирни ўқувчига фош қилишни афзал билади: “Синьзян-уйғурларда Уйғуристон, Ҳиндистонда Холистон, бизда халифачилик қурамиз деган хомхаёлларга қутқу бериш учун ҳам Усама бин Лодин Ғарб геосиёсатининг ажралмас қисми. Дунёга якка ҳукмронлик қилиш доктринаси — рақибларни ичидан емириш, ўзининг ёғига ўзини қовуриш сиёсатини амалга ошириш мумкин. Ҳеч бўлмаганда, бўйин эгмас давлатларни доимий таҳликага солиб туриш имконияти мавжуд-да”.


“Халқ сўзи” газетасининг 6 август сонида журналист Қурбон Эшматовнинг “Инсонпарварликнинг юксак ифодаси” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Президент Каримовнинг 2008 йилда ўлим жазосини бекор қилиш ҳақидаги фармони муносабати билан ёзилган айни мақолада қуйидаги сўзлар бор: “Жазонинг ва қонунларнинг адолатсизлиги, шафқатсизлиги туфайли “ўзбек иши” бўйича отувга ҳукм қилинганларнинг тақдири ҳаммамизга сабоқ бўлади. Собиқ Иттифоқнинг золим қонунларидан қанча-қанча оилалар азият чекди, фарзандлар етим қолди. Ўзбекистон бошига қуёш чиқиб, миллатпарвар, элпарвар, халқпарвар, ватанпарвар инсон раҳбар бўлиб келгандан сўнг бундай ҳақсизликларга сўнгги нуқта қўйилгани эсимда”.
XS
SM
MD
LG