Линклар

Ўзбек матбуотида силжиш бор, фақат орқага


Феруза

АҚШ Давлат департаменти собиқ иттифоқ давлатларидаги оммавий ахборот воситаларининг нуфузи ва мавқеи борасидаги навбатдаги ҳисоботини эълон қилди.

Тадқиқотлар ва малака алмашиш бўйича халқаро кенгаш томонидан тайёрланган мазкур ҳисоботда ОАВ мақоми, асосан, сўз эркинлиги, профессионал журналистика стандартлари, ОАВда бизнеснинг ўрни, мустақил ОАВни қўллаб-қувватловчи институтларнинг самарадорлиги каби меъёрларга кўра таҳлил қилинган.

Ҳужжатда собиқ иттифоқ давлатларидаги ОАВ вазиятига тегишли уч салбий ҳолат тилга олинади. Биринчиси, бу мамлакатларда сўз эркинлигини ҳимоя қилиш, ОАВнинг холис ва шаффоф бўлишини таъминловчи қонунлар йўқлиги ёки борларига ҳам амал қилинмаслиги. Иккинчиси, ҳар куни ва ҳамма ерда ОАВ ўзини ўзи цензура қилиши. Учинчиси, олий таълим тизимида журналист кадрлар тайёрлаш даражаси талабга жавоб бермаслиги.

Ҳисоботда собиқ иттифоқ давлатларининг айримларида, жумладан, Грузия ва Украинада ҳозир ОАВ мавқеини яхшилашга қаратилган бир қанча ишлар бажарилгани, хусусан, сўз эркинлигини кафолатловчи қонунлар қабул қилингани, барча турдаги босма матбуотни солиқлардан озод қилишга қаратилган янги солиқ кодекси тасдиқлангани, журналистларга қарши жиноятларни камайтириш ва аҳолининг ОАВдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга йўналтирилган ҳаракатлар алоҳида қайд этилган.

Ҳужжатда Ўзбекистон ва Беларусда амалдаги ҳукуматлар ОАВ тараққиётига заррача йўл қўймаётгани таъкидланади.

“Озодлик” мухбири ҳисоботдаги хулосалар юзасидан ўзбекистонлик баъзи мустақил журналистларнинг фикрини ўрганди.

Мустақил журналист Абдураҳмон Ташановнинг фикрича, ҳисоботдаги Ўзбекистон ОАВ дуч келаётган тўсиқлар тўлалигича очиб берилмаган. Зеро, маҳаллий матбуот тараққиётига тўсиқлар жуда кўп.

Журналист Шароф Убайдуллаев таъкидлашича, ўзбек матбуотида, ҳисоботда айтилганидек, силжиш йўқ эмас, бор, фақат орқага силжиш бор.
XS
SM
MD
LG