Линклар

“Уят бўлса-да, айтаман”


Турғунбек 6 август куни Андижон вилояти ҳокимлиги жойлашган Навоий шоҳкўчасининг қуролланган аскарлар ва милиция ходимлари томонидан тўсиб қўйилиши аҳоли орасида турли миш-мишларни пайдо қилди.

Чунки кўча нима сабабдан тўсилгани ҳақида, ҳар доим бўлиб келаётганидек, аҳолига ахборот берилмади.

Шу боис, баъзилар кўчанинг тўсилиши бу ерда олиб борилаётган тергов ҳаракатлари билан боғлиқлигини тахмин қилган бўлса, бошқалар бу ерда видеофильм тасвирга туширилаётгани ҳақида гап тарқатди.

Аҳоли вакилларидан баъзилари: “Акрам Йўлдошевнинг Ўзбекистон телевидениесидаги чиқишидан кейин кимлардир расмий идораларга телефон орқали боғланиб, уларга дағдаға қилгандан кейин ҳушёрликни ошириш мақсадида кўчаларга жанговар техника ва хавфсизлик кучлари чиқарилибди”, - каби гапларни айтмоқда.

“Сой томонда жангариларнинг ҳаракатлари тўғрисида видеофильм олинаётган экан. Майли, жангариларни кўрсатсин. Лекин аскарлар, танклар одамларни қандай отганини ҳам олишсин”, - дейди 70 ёшлардаги отахон.

Отахоннинг сўзларига қараганда, ҳозир Андижонда сиртдан қараганда тинчликдай кўринади. Аслида бу ерда нотинчлик, ваҳима. Одамлар бегоналар билан гаплашишга қўрқадиган бўлиб қолган.

“Одам гапиришга ҳам чўчиб қолди. 10-йўналишли машинада Боғишамолга кетаётганимда бир хотин Андижон воқеалари ҳақида гапириб кетди. У ҳокимлик олдида одамларнинг миялари сочилиб кетгани, уларни кишиларга соатига минг сўмдан бериб ювдиришгани ҳақида гапирди. Бу хотин манзилига етиб тушди. Ортидан ёшроқ йигит ҳам тушди. 10 метр ҳам юрмай, хотиннинг қўлига кишан солиб, бир ёққа олиб кетишди”, - дейди отахоннинг айтганларига қўшимча қилган бир онахон.

Худди шунга ўхшаш воқеани яна бир аёл ҳам ҳикоя қилиб берди:

“Ҳозир фуқаро кийимида юриб, гап тинглайдиган одамлар кўпайиб қолди. Яқинда Янгибозорда бир хотин ёш боласи билан газсув ичиб, сотувчига бу тўполонларни давлатнинг ўзи қилганини гапириб турганди. Ёнидан бир йигит у ёқдан бу ёққа ўтиб, хотиннинг қўлидан тортди. Хотин бақир-чақирни бошлаганди, йигит ёнидан диктофон чиқариб, у сотувчига гапирган гапларнинг ҳаммасини ўзига эшиттириб, олиб кетди. Одамлар ҳаммаси томоша қилиб турди”, - деди бу аёл.

Бу аёл қанчалик хатарли бўлмасин, дилидагини бирибир айтишини билдирди ва янада даҳшатли бошқа воқеани сўзлаб берди.

“16 ёшли қариндошимиз бор эди. Ўша кунлари томошага чиқиб, елкасидан ўқ еган экан. Бу болани клиникага ётқизишган экан. Уч кун шу ерда ётгандан кейин милицияга олиб кетишибди. Жароҳати билан уч кун балчиқли хонага тиқиб қўйишибди. Одам кўплигидан бу ерда ўтиришга ҳам, ётишга ҳам имкон бўлмаган. Бола бечорани роса қийнашиб, уколь қилишиб, уйига қўйиб юборишибди. Кейин ҳар куни сўроққа чақиришди. Ҳалиги уколи ўлдирадиган уколь эканми, 1-1,5 ойда бола ўладиган ҳолга келди. Яраси битмади, суяклари уқаланиб кетди. Ўлишидан бир кун олдин бола бечора ўзини қийнашганини айтди. Уят бўлса ҳам айтаман. Орқасига темир ва дубинка тиқишибди. Бола шифохонада ётганида ўзига аскарлар ўқ отганини айтиб қўйган экан. Шунинг учун уни бировга айтмайсан, деб қийнашибди”, - дейди аёл йиғлаб.
XS
SM
MD
LG