Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:03

“Ҳукумат аскарлари ҳар қанча изғимасин...”


Турғунбек Андижонликлар бу ерда 13-14 май кунлари содир этилган хунрезликлардан кейин ҳукумат сиёсатининг асоси одамларни қўрқув ва таҳликада ушлаб туриш бўлиб қолаётганини айтмоқда.

“Одамлар кўнглидаги қўрқув 13 май ва ундан олдинги даврдагидан ҳам кўп. Мазкур воқеадан кейин жуда кўп киши қамалгани сабабли бировнинг олдида бошқаси кўнгилни очиб давлат сиёсати ёки бўлаётган номаъқулликлар ҳақида гапира олмайди. Одамлар ҳукумат ва унинг қўшинларидан қўрқиб қолган. Бу воқеаларни томоша қилиб, видеога тушиб қолганларнинг уйлари тинтув, ўзлари сўроқ қилиняпти. Аскарлар ҳам юзига ниқоб тутиб келяпти. Улар ҳатто аёлларга ҳам қўпол муносабатда бўляпти”, - дейди “Озодлик” мухбири билан суҳбатлашган отахонлардан бири.

Суҳбатдош аёллардан бири бугун “режим” сўзи андижонликлар қонига сингиб қолганини таъкидлади.

“Андижонда ҳозир Боғишамолда, қамоқхона атрофида, Сой томонда, ҳокимият олдида режим. Ҳарбийлар қуролланган ҳолда ҳамма ёқда изғиб юрибди. Аммо ҳукумат аскарлари ҳар қанча изғиб, аҳолини қўрқув ва таҳликада ушлаб туришга ҳаракат қилсада, одамлар юрагидаги армонларни ўчира олмайди”, - деди аёл.

Аёл ҳуқуқ-тартибот ходимларининг ваҳшийлиги ҳақида қуйидаги бир воқеани ҳикоя қилиб берди:

“Узоқроқ қариндошимизнинг ўғли бор эди. Ўша кунлари йўқолиб қолди. Урушга бормаган (митингда қатнашмаган демоқчи), шундай бўлса ҳам қўрқиб қолган экан. Хуллас, 4 кундан кейин топилди. Уни милиционерлар Андижонга олиб кетди. 4 кундан кейин уни ўлдиришиб, олиб келиб беришди. У Жалақудуқнинг Советский кўчасида яшовчи Фазлиддин Жўраев деган ўспирин эди. Унинг олиб кетилганини маҳалладагиларнинг ҳаммаси кўрганди”.

Суҳбатдошлар ҳозир ҳибсга олинганлар, қийноққа солиниб, юраги эзилиб кетганлар сони бир неча баробар ортиб кетганини билдирди.

“Митингга чиққанлар суратга туширилган кассета бор экан. Ушланганлар ўша кассетада бўлса, ертўлага олиб кирилиб, роса калтакланаётган экан. Кассетада бўлмаганларни ҳам уриб, кейин “биз сенга тегмадик”, деб қўл қўйдириб олиб, қўйиб юбораётган экан”, - дейди суҳбатдошлардан яна бири.
XS
SM
MD
LG