Линклар

Бош прокуратура келтирган рақамлар кишини эсанкиратади


Феруза Жорий йил бошидан буён Ўзбекистонда 44 минг мансабдор шахс интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Бош прокуратура коллегияси кенгайтирилган мажлисида маълум қилинди.

Мазкур мажлис ҳақида мамлакат оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган ахборотда таъкидланишича, йил бошидан бери фуқаролар, юридик шахслар, тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида прокуратура органлари судларга уларнинг фойдасига 39 миллиард сўм маблағ ундиришга оид 21 минг ариза киритган.

“Озодлик” мухбирининг шунча минг мансабдор шахс қандай лавозим соҳиблари экани, улар қандай ишлари учун жазога тортилгани ҳақида Бош прокуратурадан маълумот олишга уринишлари самара бермади.

Жамиятшунос Баҳодир Мусаев Бош прокуратура келтирган рақамлардан ҳайратланаётганини яширмади.

“Мен прокуратура маълумотларида кишини ҳайратга соладиган жуда катта рақамларни кўряпман. Бироқ негадир бу ахборотда ҳар бир ўзбекистонлик учун кундай равшан бўлган коррупция ва порахўрлик умуман тилга олинмаган. Менимча, жазога тортилган амалдорлар жамиятнинг энг қуйи халқаси мансабдорлари бўлса керак. Улар ўз хизмат лавозимини суиистеъмол қилиш, таъмагирлик ёки порахўрлик сабаб жавобгарликка тортилган бўлиши мумкин”, - деди Б.Мусаев.

Б.Мусаевнинг фикрича, айни маълумотлар ва рақамлар бугунги кунда ўзбек жамиятидаги ҳақиқий аҳвол ва иқтисодий тангликни англатувчи ошкора кўрсаткичлардир.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевнинг таъкидлашича, Бош прокуратура ҳисоботида аниқлик йўқ. Қайси турдаги жиноят кўп очилгани, бунинг олдинги йиллар билан солиштирмаси келтирилмаган.

Зиёли Шароф Убайдуллаев назарида прокуратура маълумотларидаги рақамлар ярим йил муддат учун кўплик қилади.

“Биз Хитой ёки Ҳиндистон эмасмиз. 25 миллионлик Ўзбекистон учун бу рақамлар кўпдек. Шу билан бирга, жазога тортилган мансабдорлардан бирортасининг исми йўқ. Қолаверса, уларнинг бирортаси жиноий жавобгарликка тортилмагани ҳам эътиборли”, - деди Ш.Убайдуллаев.

Унинг эътирофича, мамлакат расмий органларининг жамотчиликка тақдим этадиган ҳар қандай ҳисоботида бу органларнинг ўз фаолияти ҳақида халққа аниқ ва шаффоф маълумотларни етказиш масъулияти сезилмайди.
XS
SM
MD
LG