Линклар

Президент одамларга нақд пул кераклигини эслаб қолди


Тўлқин Ўзбекистон президенти Ислом Каримов тижорат банкларида нақд пул тўловлари узлуксизлигини таъминлаш муаммосини бозор иқтисодиёти шароитида маъмурий йўл билан ечишга бел боғлади.

Мамлакат раҳбарининг 9 август куни матбуотда эълон қилинган “Банклардаги депозит ҳисобварақлардан нақд пул тўловларини узлуксиз таъминлаш кафолатлари тўғрисида”ги қарори аҳоли ва хўжалик юритиш субъектларининг нақд пул маблағларини тижорат банкларига жалб этиб, банкларни нақд пул заҳираси билан таъминлашни кўзда тутади. Яъни қарордан асосий мақсад банкларда депозит ҳисобварақларига эга субъектлар - корхона, ташкилот ва муассасаларга ойлик маош ва бошқа нақд пул тўловлари узлуксизлигини таъминлашдир.

Содда қилиб айтганда бу қарор банкларда нақд пул йўқлиги важ қилиниб, ўз ҳисоб рақамида мавжуд маблағни ололмай юрган кишиларнинг муаммосини ечишга қаратилган.

Қарорнинг дастлабки бандларида тижорат банкларининг мижозлар олдидаги мажбуриятларига лоқайдлик билан қараши, омонатчилар ҳисобига яшаб, уларнинг талабларини қондириш чоғида ўз мавқеларини суиистеъмол қилиши каби ҳолатлар бироз танқид остига олинади.

“Тижорат банклари томонидан аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг бўш пул маблағларини банклардаги депозит ҳисобварақларга жалб этишни рағбатлантириш ҳамда биринчи талаб бўйича уларнинг ҳисобрақамларидан нақд пуллар чекловсиз берилишини амалга ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар қониқарсиз деб ҳисоблансин”, - дейилади қарорда.

Банк соҳаси мутахассиси Иброҳим Ҳакимов тижорат банкларини нақд пул муаммоси юзага келтиришда айблашдан аввал, аввало, бу тизимдаги вазиятга эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади.

“Мамлакатда пул муомаласини ташкил этиш, бу муомаланинг соғломлигини таъминлашга Марказий банк жавобгар. Яъни Марказий банкнинг асосий вазифаси монетар сиёсатни амалга оширишдир. Ўзбекистонда бозор ва маъмурий муносабатлар чалкашиб кетган. Бундан шароитда, фикримча, нақд пул муомаласининг ташкил этилиши ва унинг ортидан келиб чиқадиган муаммолар учун тижорат банклари жавобгар эмас”, - деди мутахассис.

И.Ҳакимовнинг бу сўзларида мамлакатда нақд пул танқислиги юзага келишига Марказий банк айбдор эканига ишора борлигини сезиш қийин эмас.

Тижорат банклари Ўзбекистонда эркин бозор иқтисодиёти шароитида ташкил этилган муассасалардир. Бозорни янада эркинлаштириш сиёсати хусусида сўз бораётган бир пайтда тижорат банклари фаолиятини маъмурий чора кўриш йўли билан яхшилаш мумкинми?

Иқтисодчи Шоҳрух Файзиевнинг фикрича, мамлакат тижорат банкларидаги муаммоларни фақат фармону қарорлар билан ечиб бўлмайди. Гарчи президент қарорида депозит ҳисобварақлардаги маблағни сўралган вақтда нақд пул қилиб бериш ҳақида гап борса-да, тижорат банклари бу талабни қондира олмайди. Чунки банкларга нақд пул тушумининг ўзи йўқ. Зеро, аҳолининг банкларга ишончи йўқолган.

Ш.Файзиев Ўзбекистонда нақд пул айланиши яширин иқтисодиёт ҳиссасига тўғри келиши ва коррупция бу муаммонинг асосий илдизи эканини қўшимча қилди.

Тижорат банклари ҳам тадбиркорлик субъектлари ҳисобланади. Шу йил июнь ойида мамлакат президентининг тадбиркорлик субъектларига бир қанча енгилликлар берувчи, бозор иқтисодиётини янада эркинлаштиришга қаратилган 6 та қарор ва фармони кетма-кет эълон қилинди.

Банк мутахассиси И.Ҳакимовнинг таъкидлашича, тижорат банклари олдига қатор маъмурий мажбуриятлар юкловчи сўнгги қабул қилинган қарор уларга эркинликлар берувчи аввалги олти ҳужжатга зиддир. Тижорат банклари масъулиятини ошириш билан муаммони ҳал қилиб бўлмайди. Президентнинг сўнгги қарорини эски буюмни таъмирлашга қиёслаш мумкин. Аслида муаммолар илдизи чуқурроқ.

“Жамият шу даражага етдики, ислоҳотларни ё бозор иқтисодиёти ёки бутунлай маъмурий йўл билан амалга оширишни танлаш керак. Аросатда қолиш барча муаммоларни келтириб чиқаради”, - деди И.Ҳакимов.
XS
SM
MD
LG