Линклар

logo-print

“Пахтакор”нинг ўйини халқ байрами эди


Тўлқин 1979 йилнинг 11 августи ўзбекистонлик миллионлаб футбол мухлислари қалбидан фожеали кун сифатида ўрин олган. Шу куни “Пахтакор” футбол жамоасининг 17 ўғлони авиаҳалокатда қурбон бўлганди.

Орадан 26 йил ўтганига қарамай, бу кун ҳамон миллий фожеа, ўрни тўлмаган кемтик сифатида эсланмоқда.

Орадан 26 йил ўтиб, фазога сочилган 17 ўғлонни хотирлаш маросими яна одатдагидек Тошкентдаги Боткин қабристонида бўлиб ўтди. Футбол майдонига, қаттиқ ерга сиғмаган 17 пахтакорчи ҳалок бўлган, миллионлаб кишиларнинг қалбини ларзага солган машъум кун эсланди.

“Бортида пахтакорчилар бўлган Тошкент-Гурьев-Донецк-Минск йўналиши бўйлаб учаётган “Ту-134” самолёти Украина осмонида 8400 метр баландликда бошқа бир самолёт билан тўқнашиб кетиши оқибатида ҳар икки бортдаги барча одам, жами 178 киши ҳалок бўлганди”, - деб эслайди спорт шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаев.

А.Имомхўжаевнинг сўзларига кўра, 1979 йилда “Пахтакор” таркиб жиҳатдан жуда кучли эди. Унинг ўйинини томоша қилиш учун Тошкентга ҳатто қўшни республикалардан ҳам мухлислар келарди. Фожеа бўлмаганда, жамоа собиқ иттифоқ биринчилигида медалли ўринлардан бирини эгаллаши ҳам ҳеч гап эмасди.

Ўша йиллари “Пахтакор” жамоасида раҳбар ўринбосари бўлиб ишлаган Олег Тўрахўжаев йигитлар ҳақида қуйидаги хотираларни сўзлаб берди:

“Мен жисмоний тарбия институтида дарс берганимда, уларнинг деярли барчаси институт талабаси эди. “Пахтакор”да ҳам ишлардим. Улар фавқулодда қобилиятли йигитлар эди. Улардан кейин, ростини айтсам, улар каби қобилиятли, абжир, ақлли авлодни учратмадим”.

Ўша “Пахтакор”нинг ашаддий мухлисларидан бўлган адабиётшунос Раҳимжон Раҳматнинг айтишича, жамоа ўйинларини телевизор орқали кўрсатганида на далада, на бирор ишхонада эркак киши қолмаган. Ҳамма ўйинни томоша қилишга кетган.

“Бу жамоанинг ўйини халқнинг байрами эди. Бу байрамни ҳозирги расмий байрамлар билан тенглаштириб бўлмайди. Аёллар ҳам футбол ҳақида гаплашишни бошларди. Одамлар футболчиларни у корейс, у рус, деб айтмасди. “Пахтакор” биз учун миллий ғурур эди”, - дейди Р.Раҳмат.

“Пахтакор” ўлди, дейилса, менинг эсимга қиш совуғи тушади, - дейди адабиётшунос. - Менимча, ҳозир Ўзбекистонда бирор нарса юз берса, қиш совуғи эслатмайди. “Пахтакор”нинг ўлими бизга мотамнинг ҳам зўрини ато этиб кетган. Халқнинг қалбида қиш совуғини пайдо қилиш учун ёзни ҳам пайдо қилган бўлиш керак”.
XS
SM
MD
LG