Линклар

logo-print

Хориждаги ўзбекларни ким ҳимоя қилади


Шайбон “Озод фуқаро” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Фахриддин Тиллаев Россия ҳукуматини Ўзбекистон фуқароларининг ушбу мамлакатдаги ўлимига бефарқ қолаётганликда айблади.

Ф.Тиллаевнинг Россия президенти Владимир Путин номига ёзган очиқ хатида ўзбек йигитларининг Россиядан ўлиб қайтишига айнан Путин жавоб бериши лозимлиги таъкидланади.

Ф.Тиллаев Россия раҳбарига хат ёзишига ўзи раҳбарлик қилаётган ташкилот аъзоси 35 ёшли Бахтиёр Усмоновнинг 8 июль куни Тула шаҳрида калтаклаб ўлдирилгани сабаб бўлганини билдирди. Унинг айтишича, Россиядаги ҳуқуқ-тартибот ходимлари мурдани уйига юборар чоғида марҳум бахтсиз ҳодиса оқибатида вафот этгани ҳақида баённома тузган. Бу эса ҳуқуқ-тартибот ходимларининг қотилликка маълум маънода иштироки борлиги ҳақида гумон уйғотади.

“Б.Усмоновнинг ўлими Россияда ўзбекларга нисбатан содир этилаётган ягона қотиллик эмас. Масалан, биргина Сурхондарёнинг Бойсун туманидан 10 дан ортиқ киши Россиядан ўлиб келди. Уларнинг баъзилари пул илинжидаги босқинчилик, айримлари зўравонлик қурбони бўлган. Мен Россия ҳукумати ўзбекистонлик фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлашини сўраб Путинга хат ёздим”, - деди Ф.Тиллаев.

Ф.Тиллаевнинг ўзбек фуқаролари ўлимига Россия ҳукумати ҳам маълум маънода айбдорлиги тўғрисидаги фикрини жиззахлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроев ҳам қўллади.

Унинг айтишича, В.Путин бошчилигидаги ҳукуматнинг улуғ рус шовинизми руҳидаги сиёсати оқибатида шундай фожеалар рўй бермоқда. Зеро, жуда кўп ўзбеклар тақирбошлар (скинхедлар) томонидан ўлдирилмоқда. Агар истаганида, ҳукумат уларни тезда йиғиштириб олган бўларди.

Жамиятшунос Баҳодир Мусаев ўзбеклар ўлимида фақат Россия ҳукуматини айблаш нотўғри бўлишини таъкидлади.

“Мен бу борада кўпроқ Ўзбекистон ҳукумати ва шахсан президент Каримовни айбдор деб билардим. Гарчи ҳукуматимиз мамлакатда аҳолининг яшаш шароити йилдан-йилга яхшиланиб бораётганини таъкидлаётган эса-да, аслида бутунлай тескариси бўляпти. Агар яшаш яхшиланаётган бўлса, ҳамюртларимиз Россияда нима қилади”, - деди жамиятшунос.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдусалом Эргашев ўзбек фуқаролари билан содир бўлаётган кўнгилсизликларга Россия ва Ўзбекистон ҳукуматларидан ташқари Ўзбекистоннинг жойлардаги элчихоналари хизматчиларининг ҳам айби катта эканини билдирди.

Ф.Тиллаев нега айнан Россия ҳукумати ўзбек фуқароларини ҳимоя қилиши керак, деган фикрга қатъий экани сабабларини изоҳлаб берди.

“Ўзбекистон учун фуқаролари хорижда ўлиши ёки қолишининг қизиғи йўқ. Ўзбекистонга бу фуқаролар керак эмас, деса ҳам бўлади”, - деди “Озод фуқаро” ташкилоти раҳбари.

Ўзбекистон расмий идоралари бу муаммонинг ечими борасида фақат битта жавобни қайтаради: “Ноқонуний миграция мавжуд экан, бу муаммони ҳал қилиб бўлмайди”.
XS
SM
MD
LG