Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:21

Хайр, Россия! Вой-дод, Ўзбекистон!


Феруза 10 август куни Россиянинг Татаристон республикаси пойтахти Қозон шаҳридан ўзбекистонлик 55 фуқаро ўз юртига депортация қилинди. Депортация қилингунга қадар улар махсус изоляторда сақланган.

Татаристон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати вакили Валерий Мякишевнинг “Озодлик” мухбири билан суҳбатда билдиришича, ўзбекистонлик бу фуқаролар Россия ҳудудларида бўлиш ва меҳнат қилиш тартибини бузгани учун судлар қарори билан депортация қилинган. Яъни улар ноқонуний мигрантлардир.

В.Мякишев ҳозир ўзбекистонлик яна қанча фуқаро Татаристондаги хорижликлар учун махсус изоляторларда сақланаётгани ҳақида маълумот бера олмаслигини билдирди. У депортация қилиш жазоси фақат ўзбекистонликларга эмас, балки бошқа давлатлардан келган ноқонуний мигрантларга ҳам қўлланилишини таъкидлади.

Деярли ҳар доимгидек, Ўзбекистон Бош прокуратураси вакиллари 55 ватандоши кимлиги, уларнинг тақдири не кечиши каби саволларга жавоб бера олмади.

Мамлакатдаги оғир иқтисодий тангликдан ўзини, оиласини қутқариш илинжида хорижга иш излаб кетаётган ўзбекистонликлар сони кундан-кунга ортиб бораётгани бугун ҳеч кимга сир эмас. Россия қонунчилиги эса уларнинг турмушини янада мушкуллаштиради.

Москвадаги “Мемориал” инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакиласи Светлана Ганушкинанинг сўзларига қараганда, россиялик иш берувчиларнинг хорижлик фуқароларни қонуний ишлатишга рухсат олиши жуда қийин. Шунинг учун одатда иш берувчилар меҳнат мигрантларини рухсатномасиз ишлатади. Иш берувчилар мигрантларни эксплуатация қилганлик учун белгиланган жазо ҳам жуда енгил. Бу эса мигрантларни қулдек ишлатишга манфаат яратади.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубовнинг таъкидлашича, мамлакат ҳукумати ўз фуқароларини ҳеч қачон ҳурмат қилган эмас. Ҳукумат чет элга чиққан фуқароларини ҳимоя қилишга ҳам уринмаган. Аксинча, ўз оиласини боқиш учун чет элда ишлаб қайтган кишиларни ҳуқуқ-тартибот ходимлари талаш мақсадида тинимсиз безовта қилаётгани тўғрисида кўплаб мисоллар мавжуд.

Т.Ёқубовнинг фикрича, ҳозир ноқонуний ўзбек мигрантларининг Россиядан депортация қилиниши тез-тез учраяпти. Бу эса Ўзбекистон ҳукумати сиёсатининг жуда муваффақиятсиз эканига, бу сиёсат аҳоли турмуш даражасини пасайтириб юбораётганини тан олмасликка бориб тақалади.

Т.Ёқубов ўзбекистонлик мигрантларга нисбатан Россияда бундай жазо қўлланилаётгани айни пайтда мустаҳкамланиб бораётган Россия-Ўзбекистон муносабатларининг меваси эканини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG