Линклар

logo-print

Ўзи қиммат, яна минутидан уради


Зикрилло Ишонч Ўзбекистонлик баъзи фуқаролар мамлакатда телефон хизмати, айниқса, хорижга қўнғироқ қилиш баҳоси жуда қимматлигидан, соҳада кўзбўямачилик авжига чиққанидан шикоят қилмоқда.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистондан телефон орқали Америка ва Африка давлатлари билан бир дақиқа гаплашиш нархи 1265 сўмни, Европа – 1140 сўм, Австралия – 1725 сўм, Осиё мамлакатлари 1275 сўмдан 1520 сўмгача, Россия, Украина, Беларусь, Молдова – 400 сўм, Марказий Осиё давлатлари эса 365 сўмни ташкил этади.

Аҳоли вакиллари телефон хизматлари учун бунча ҳақ олинишини адолатсиз ҳисобламоқда.

“Осиё бизга ҳудудий жиҳатдан яқин бўлса-да, гаплашиш Америкага нисбатан нега қимматлигига ҳали ҳам ақлим етмайди. Бошқа давлатлардан Ўзбекистонга телефон қилиш анча арзон”, - дейди суҳбатдошлардан бири.

Фуқароларнинг айтишича, телефон станциялари ходимлари чет эл билан гаплашилгани учун мавжуд нархлардан кўра кўп пул ёзиши ҳолатлари кўп учрайди. Бу кўзбўямачиликни исботлаш қийин.

“Уйдан Москвага 10 марта телефон қилдик. АТСдагилар 28 минг сўм қарзимиз борлигини телефон орқали маълум қилди. АТСга бу пулни тўлагани борсак, қарзимиз 48 минг сўм эканини айтишди. Биз гаплашмасак ҳам қўшимча минутлар ёзилган”, - деди суҳбатдош қиз.

Фуқаролар Ўзбекистондаги мобиль телефон алоқа компаниялари ҳам мижозларни талаётганини даъво қилади.

Жамиятшунос Комрон Алиев Россия ва Ўзбекистондаги мобиль алоқа хизмати борасидаги нархлардаги фарқларни ўрганган.

“Россиянинг мобиль алоқа тизимлари, масалан, “Билайн” ва “Комтел”да кириш қўнғироқлари текин. Чиқиш қўнғироғининг бир минути эса 2 цент туради. Бу нархни Ўзбекистондаги “Коском” билан солиштирсак. Бу компания кириш-чиқиш қўнғироғи учун 12 цент олади. Бу нарх Қозоғистондагидан ҳам 300 фоиз баланд”, - деди жамиятшунос.

Ўзбекистонда телефон хизмати баҳоси нега бунчалик қимматлиги ҳақида Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги вакили маълумот беришни истамади.

Эксперт Темур Жўраевнинг фикрича, Ўзбекистонда телефон хизматлари монополиялаштирилган. Компаниялар ўзаро келишган ҳолда нархлар белгилаган. Улар рақобатчи компанияларни алоқа бозорига киришга қўймайди.
XS
SM
MD
LG