Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:29

Маданият ва спорт ишлари вазирлиги суд қарорини тан олмади


Зикрилло Ишонч Термиз санъат коллежи директори лавозимидан бўшатилган Худойберди Нортожиев суд қарори билан мансабига тикланган бўлса-да, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги бу қарорга бўйсунмаётганидан шикоят қилмоқда.

2 йил давомида коллежга раҳбарлик қилган Х.Нортожиев кутилмаганда ўз лавозимдан бўшатилди. Собиқ директор нима сабабдан ишдан бўшатилганига қизиқиб, аввал Сурхондарё вилояти маданият ишлари бошқармаси бошлиғига мурожаат қилди. Бошлиқ унга Маданият ва спорт ишлари вазирлигига мурожаат қилишни маслаҳат берди.

“Вазирликдагилар ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқ кўрсатилмаслиги, мен эса танловдан ўта олмаганим учун бўшатилганим, ўрнимга ўринбосарим Ҳайитмурод Примов тайинланганини айтди. Танлов хулосаларини эса Вазирлар Маҳкамасидан сўрашим лозимлигини билдирди”, - дейди Х.Нортожиев.

Шундан сўнг Х.Нортожиев даъво аризаси билан Шайхонтоҳур туманлараро фуқаролик ишлари судига мурожат қилди. Суд даъвогар фойдасига ҳал қилув қарори чиқарди.

Х.Нортожиевнинг сўзларига қараганда, суднинг 2005 йил 29 апрелдаги ҳал қилув қарорида уни ишга тиклаш ва мажбуран бекор юрган кунлари учун уч ойдан кўп бўлмаган муддатдаги иш ҳақини тўлаш белгиланган. Аммо орадан уч ойдан ортиқ вақт ўтганига қарамай, вазирлик раҳбарияти суд қарорини тан олмай, уни ижро этмай келяпти.

“Вазирнинг биринчи ўринбосари Бахтиёр Сайфуллаев суд нечта қарор чиқарса ҳам мени ишга тиклаш ҳақида буйруқ чиқарилмаслигини, фақат Бош вазир Шавкат Мирзиёев айтсагина ишга тикланишимни айтди”, - дейди Х.Нортожиев.

Маданият ва спорт ишлари вазири биринчи ўринбосари Бахтиёр Сайфуллаевнинг “Озодлик” мухбири билан суҳбатда билдиришича, Х.Нортожиев дарҳол ишдан бўшатилмаган, балки аттестациядан ўта олмагандан кейин аввал директор ўринбосарлигига тайинланган. Коллеж касаба уюшмаси мажлиси бу масалани кўриб чиқиб, уни умуман ишдан кетишга мажбур қилган.

Б.Сайфуллаевнинг қўшимча қилишича, айни пайтда суднинг Х.Нортожиевни ишга тиклаш тўғрисидаги қарори ижроси вазирлик аппеляция ёзгандан кейин тўхтатилган.

Х.Нортожиевнинг адвокати Юсуф Деҳқоновнинг таъкидлашича, Конституция ва амалдаги қонунчиликка кўра, ҳар қандай муассаса, мақоми қандай бўлишидан қатъи назар, суд қарорини бажариши шарт.

“Маданият ва спорт ишлари вазирлиги суднинг ҳал қилув қарорини тан олмагани, бажармагани биз учун кутилмаган ҳол бўлди. Чунки бу қонунни бузишдир”, - деди адвокат.
XS
SM
MD
LG