Линклар

АҚШ Фарғона водийсига таянадими?


Шайбон Россиялик ва қозоғистонлик сиёсатчилар АҚШ Ўзбекистонда ўз мавқеини сақлаб қолиш учун Фарғона водийсида катта можаро юзага келтириши мумкинлигини башорат қилмоқда.

Бу башоратлар асосида Ўзбекистон ҳукуматининг АҚШдан Хонобод аэродромидан ўз ҳарбийларини 180 кун ичида олиб чиқиш талабидан кейинги вазият ётибди.

Россиялик таҳлилчи Михаил Чернов, Чегара минтақалари ҳамкорлиги уюшмасининг стратегик режалаштириш хизмати раҳбари Александр Собянин ва Қозоғистондаги Евроосиё сиёсий тадқиқотлар маркази директори Рустем Лебековнинг фикрича, Ўзбекистоннинг ҳарбийларни олиб чиқиш кетиш талабидан кейин АҚШ давлат котиби ўринбосари Николас Бернс Марказий Осиё давлатлари билан яхши алоқаларни сақлаб қолиш ва бу ерда жойлашган базалардан фойдаланишни ҳам давом эттириш лозим, дейиш билан Ўзбекистонга нисбатан кескин ҳукм чиқарган. Яъни АҚШ минтақадаги, жумладан, Ўзбекистондаги мавқеини сақлаб қолиш учун ўзини безовта қилаётган шахс – президент Ислом Каримовдан қутулиш йўлларини қидирмоқда. Бунда АҚШ исломий радикал гуруҳлар ёрдамида Фарғона водийсида кескинликлар уюштиришга ва шу йўл билан мамлакатда маълум маънода бўлиниш ҳосил қилишга уринади.

Ўзбекистонлик таҳлилчи Бозорбой Жумақуловнинг таъкидлашича, Фарғона водийсидаги вазиятдан ўз манфаати йўлида фойдаланишга уринувчилар топилади. Лекин бу куч АҚШ эмас. Балки водийда тўполон чиқарилиши мумкинлигини тахмин қилаётган томонларнинг ўзларидир.

Россиялик таҳлилчи Виталий Портников АҚШ учун Марказий Осиёда мавқеини сақлаб қолиш муҳимлигини инкор этмади, аммо бу иш радикал гуруҳлар ёрдамида амалга оширилишини тахмин қилиш нотўғри эканини билдирди.

“АҚШ ўз мавқеини исломий экстремистлар кўмагида сақлаб қолади, деб бўлмайди. Зеро, ҳар қандай радикал исломий режим, фақат ва фақат аксиламерика режими бўлади”, - деди В.Портников.

В.Портниковнинг айтишича, вақти келиб АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар яна илиқлашиши эҳтимолдан йироқ эмас. Яъни Каримов режимига муқобил режим ўз қарашларини ўзгартирган Каримов режими ёки бошқа яна қандайдир кучлар бўлиши мумкин. Аммо бу кучлар ҳеч қачон радикал исломийлар бўлмайди.

Тожикистонлик таҳлилчи Рашид Ғанининг сўзларига кўра, кўтарилган мавзуга ҳар бир томон ўз манфаати нуқтаи назаридан ёндашмоқда. Баъзилар минтақадаги тинчлик ва барқарорлик фақат Россия аралашуви билан қўлга киритилади, деган фикрни сингдирмоқчи, шу йўл билан АҚШнинг минтақадан чиқиб кетишини тезлаштирмоқчи бўлаётгандир. Шунинг учун уларнинг бу борадаги тахминларини жиддий қабул қилиб бўлмайди.

“Ўзбекистоннинг талаби АҚШ билан алоқаларни узиш ва уни тан олмай қўйишни англатмайди, балки Оқ уйдан расмий Тошкентга нисбатан босиқроқ муомала қилиниши лозимлигига ишорадир. АҚШ Ўзбекистоннинг ўзига керакли ҳамкорлигини тан олгани бу талабга рози бўлганини билдиради. Демакки, эндиликда қандайдир ҳаракатларни кутиш керак эмас, масала аллақачон ҳал бўлган”, - деди Р.Ғани.

Ж.Бозорбоев АҚШ Ўзбекистонда ўз мавқеини сақлаб қолиш учун мамлакатдаги радикал бўлмаган кучларга суяниши мумкинлигини ҳам тахмин қилди. Аммо Р.Ғани бу тахминни қўлламади.

Унинг билдиришича, АҚШ МО давлатлари, жумладан, Ўзбекистон билан муомалага ўта аниқ ва пухта ёндашуви керак. Чунки муомалани ўзгартирмаса, МОдаги нуфузини йўқотиши аниқ. Зеро, сўнгги вақтларада Россиянинг мавқеи ўсиб, Хитойнинг дунё саҳнасида мустаҳкам ўринга эга бўлиб бораётгани МО давлатлари учун қўшимча имкониятлар пайдо қилмоқда. Бундай шароитда минтақа учун курашда АҚШ ютқазиб қўйиши мумкин.
XS
SM
MD
LG