Линклар

logo-print

“Тажовузкорларнинг барчаси Ўзбекистонда йиғилганми?”


Турғунбек Андижонликлар 13-14 май воқеаларидан кейин бу ерда жуда кўп киши ҳибсга олингани, ҳуқуқ-тартибот идоралари “ўрмонга ўт кетса, ҳўлу қуруқ баробар ёнади” қабилида иш тутаётганини айтмоқда.

“Шу воқеалардан кейин телевидениеда қурол топиб топширганларга 100 минг сўмдан мукофот берилиши эълон қилинди. Қариндошларимдан бири 2 та қурол топган экан, бу гапга ишониб, олиб бориб берибди. Уни қамаб қўйишди. У қуролларни ҳақиқатан ҳам йўлдан топиб олган экан”, - дейди жалақудуқлик суҳбатдош аёл.

Яна бир суҳбатдош онахон қамалганларнинг арзини ҳеч қайси ҳуқуқ идораси тингламаётганидан нолиди.

“Ўғлимни уйидан ушлаб кетишди. МХХда, албатта, бўйнига мажбуран айб қўйилди. Уйида хотини учта боласи билан қолди. Уларга қарай десам, ўзимникида ҳам уйлантирадиган болаларим бор. Иқтисодни кўриб турибсиз. Арзимизни ким тинглайди? Бизни ким ҳимоя қилади? Бизга ҳар тарафдан зулм бўляпти. Аёллар тўйиб кетди, айниқса, маҳбусларнинг аёллари. Иқтисоднинг нега ёмонлигини ҳамма катталар билади, ҳаммасининг ақли етади. Барча ишларнинг ақли етиб туриб қиляпти. Булар аёлларни қийинчиликка дучор қилиб, қайси виждон билан эркакман, деб юрибди. Подшоҳимиз одил, деяпмизу, унинг қачон одил бўлишига ақлим етмайди. У фақат ўзига ёрдам бераётганларга одил бўляпти, холос. Мусулмонларга одиллик қилгани йўқ. Одамлар бу ҳақда айтса, авлоду аждоди билан йўқотиб юборяпти”, - деди онахон.

Суҳбатдошларнинг билдиришича, 13-14 май воқеалари муносабати билан ҳибсга олинганларнинг барчасига Жиноят кодексининг бир неча моддалари бўйича айб қўйилган. Айбларнинг энг “оммавий”си эса 159-модда, яъни конституциявий тузумга тажовуз қилишдир.

“Шунча телевизор кўрамиз, радио эшитамиз, бирорта мамлакатда конституциявий тузумга тажовуз қилган одам тўғрисида гап бўлмайди. Барча тажовузкор Ўзбекистонда йиғилиб қолганми, билмайман, ҳаммага 159-модда қўйилган”, - деди суҳбатдош отахонлардан бири.

Яна бир отахоннинг сўзларига қараганда, конституциявий тузумга тажовуз қилиш моддаси бошқа мамлакатларда борлигини у эшитмаган. Бу модда Ўзбекистонда диндорларга ва инсон ҳуқуқлари учун курашувчиларга қўлланиладиган айбга айланган.
XS
SM
MD
LG