Линклар

logo-print

“Акрам Йўлдошев Ленин ёки Сталинмидики…”


Турғунбек Андижон воқеаларидан буён 3 ой вақт ўтди. Гарчи шаҳар кўчаларида одамлар бемалол юрган, бозорлар ишлаётган, бир қарашда ҳаёт меъёрдагидек давом этаётган бўлса-да, кишилар ўй-хаёлида сокинлик кўринмайди.

Андижонликлардан бирининг айтишича, ўзбек аскарлари ўзбекларни отган, ҳукумат органлари одамларни қўрқитиб, таҳликага солаётган бўлса-да, уларнинг ўй-хаёлига кишан солишнинг иложини қила олмади. Чунки хотирадаги бундай воқеалар ҳар қандай кишанни парчалаб ташлайди.

Андижонликлар Ўзбекистон телевидениеси орқали акрамийлар раҳнамоси ҳисобланаётган Акрам Йўлдошевнинг чиқиш қилиши ҳам аҳолининг бу воқеалар ҳақидаги тасаввурларини буза олмаганини таъкидлайди.

“А.Йўлдошев телевидениедан чиқиб (исёнга) ўзи фатво бергани, бўлган воқеаларга ўзи айбдорлигини айтди. Соғлом ақл билан мулоҳаза қиладиган киши бунга ишонмайди. Чунки у 5-6 йил илгари қамалган. Қамоқдаги одам қандай қилиб бунча халқни кўтара олади? Шунча вақт қамоқда ётиб, азоб чекаётган одам ўз устига яна масъулият олиб, ўзини айбдор қилиб кўрсатиши тушунарсиз. У одам Ленин ёки Сталинмидики, қамоқхонани, ҳокимликни олинглар, деса, ташқарида турганлар чопиб кетаверса”, - деди андижонлик отахонлардан бири.

Андижондаги хурнезликларга бевосита гувоҳ бўлгани учун ҳозир қўшни мамлакатда яшириниб юришга мажбур бўлаётган йигитлардан бири ҳам А.Йўлдошевнинг телевидение орқали айтган гапларига ишонмаганини билдирди.

“Ўзбекистон қамоқхоналарида қийнаш кўп. А.Йўлдошевни ҳам қийнашган, уришган. Уларнинг қўлидаги одам мажбур (телевидениедан) чиқади-да! Қийнагандан кейин бошқа одам ҳам фатво берганини тан олган бўларди. Ҳамманинг жони ўзига ширин. Ҳозир акрамийларни ёмонлайдиган ҳар хил кўрсатувлар кўпайиб кетди. Андижон прокурорини асирга олган дейишяпти. Бу одамнинг кимлигидан хабаримиз бор. Халқ ҳеч қачон яхши одамни асирга олмайди. У ерда ҳеч қанақа акромий бўлмаган. Халқ бўлган”, - дейди қочқин йигит.

Андижонлик отахоннинг сўзларига қараганда, юрт кексаларининг ҳаётий тажрибаси етарли ва эндиликда уларнинг онгини кишанлаш ёки ёлғон гаплар билан алдашнинг иложи йўқ.

“Ўзбекистон ҳукумати 90-йилдан буёғига халққа олабўжини кўрсатишнинг устаси бўлиб кетди, - дейди отахон. – Авваллари (Муҳаммад) Солиҳ, (Абдураҳим) Пўлат, деди, кейин Жума Намангоний, Тоҳир Йўлдош, деди, Афғонистон, деди, энди Акром Йўлдошев, деяпти. Ким экан бу А.Йўлдошев. Қамоқда ётибди-ку, қўлидан нима келади? Фақат олабўжи кўрсатиб, халқни қўрқитиш учун, қамашнинг осон йўли учун шундай нарсаларни ўйлаб чиқишяпти. Лекин бу гапларга жуда кўпчилик ишонгани йўқ”.

Отахоннинг таъкидлашича, бир вақтлар Абдулла Қодирий, Чўлпон, Усмон Носирлар халқ душмани сифатида қамалиб, ўлиб кетганди. Бугун қораланаётган одамлар ҳам эртага миллат қаҳрамони бўлиб кетиши ҳеч гап эмас.
XS
SM
MD
LG