Линклар

logo-print

“Унинг ўзи қачон чиқиб кетаркин?”


Андижон воқеаларидан кейин ватанни тарк этишга мажбур бўлган инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва мустақил журналистларнинг оила аъзолари бугунги кунда турли шароитларда кун кечирмоқда.

Наманганлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Собитхон Устабоев хонадонидан уч киши сиёсий сабаблар билан ўз юртини тарк этишга мажбур бўлган. Унинг катта ўғли Умархон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича фаолият олиб бораётган бир пайтда устидан Жиноят кодексининг 159-моддаси (конституциявий тузумга тажовуз қилиш) бўйича жиноят иши қўзғатилгани сабабли бундан бир қанча вақт илгари Ўзбекистондан чиқиб кетган эди. Айни пайтда у Канадада яшамоқда.

С.Устабоев ва унинг иккинчи ўғли Насимхон Андижон воқеаларидан кейин сиёсий бошпана сўраб, юртни тарк этганди.

С.Устабоевнинг учинчи ўғли Юнусхоннинг айтишича, отаси ва акаси юртдан чиқиб кетаётганидан ҳатто оила аъзоларини ҳам хабардор қилмаган. Улар фақат хорижий давлатга чиқиб улгургач, ўзларининг қаерда эканини маълум қилган.

Ҳозир С.Устабоев хонадонида унинг уч фарзанди ва хотини қолган.

Юнусхоннинг сўзларига қараганда, Канададаги акаси оилани боқишга озгина ёрдам жўнатиб турибди. Отасининг баъзи ошна-оғайнилари ҳам оила аъзолари ҳолидан хабар олиб турибди. С.Устабоев ва ўғиллари Ўзбекистонни тарк этгандан буён маҳаллий ҳокимият ва ҳуқуқ-тартибот органлари оила аъзоларини безовта қилгани йўқ.

Андижон воқеаларидан кейин наманганлик журналист ва шоир Ризо Обид ҳам ўз шеърларида давлат раҳбарини ҳақоратлаганликда айбланганди. Шу айблов асосида Жиноят кодексининг 158-моддаси (президент шаънига тажовуз) бўйича терговга тортилгандан кейин у Ўзбекистонни тарк этган эди.

Р.Обиднинг куёви Мусахоннинг билдиришича, журналист оила аъзоларига билдирмасдан ватанни тарк этган. Шундан кейин Наманган шаҳри прокуратураси ходимлари оила аъзоларини икки кун давомида терговга чақирган. Пул йўқлиги сабабли оиладан ҳеч ким терговга бормагач, терговчининг ўзи келиб, журналистнинг яқинларини сўроққа тутган. Шундан кейин оила аъзоларини ҳеч ким безовта қилгани йўқ.

“Милицияга чақираверилгандан кейин дадамиз кетишга мажбур бўлди. Қизининг 10-15 кундан кейин бўладиган тўйини ҳам ташлаб кетди. Бизга шу ерда юргани яхши эди”, - деди Мусахон.

Наманганлик фуқаролардан бири мавзу юзасидан муносабат билдиришни истади.

“Яқинда Тўлқин Қораев деган журналист ва Би-Би-Сининг Фарғонадаги мухбири ҳам чиқиб кетибди. Бунинг дастидан (президентнинг демоқчи) ҳамма чиқиб кетаверса, унинг ўзи қачон чиқиб кетаркин? Халқ шуни кутяпти”, - деди наманганлик киши.
XS
SM
MD
LG