Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:06

Ўзбекистонда маҳбуслар сони 4 тага кўпайди


Тўлқин 15 август куни Тошкент шаҳри жиноят ишлари суди ваҳҳобийлик диний оқимига алоқадорликда айбланган 4 кишини 6,5 йилдан 9 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум этди.

Судланганлар 1981 йилда Чуст шаҳрида туғилган Давронжон Аҳмедов Тошкент давлат техника университети магистранти, 1981 йилда Самарқандда туғилган Акмал Каримов ва 1975 йилда Бухорода туғилган Музаффар Беҳбудов олий маълумотли, бухоролик 1985 йилда туғилган Фурқат Асадов Тошкент молия институтининг 1-курс талабасидир.

Суд Д.Аҳмедовни Жиноят кодексининг 159 (конституциявий тузумга тажовуз қилиш) 244 (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш) ва 244-2-прим моддалари (диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, унда иштирок этиш, унга раҳбарлик қилиш) бўйича айбдор топиб, 9 йилга озодликдан маҳрум этди. Қолган судланувчилар эса 244-модда асосида 6,5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Д.Аҳмедовнинг отаси сўзларига кўра, ўғли жорий йилнинг 18 февралида ҳибсга олинган. Даврон техника университети бакалавриатини қизил диплом билан битирган. Судда у давлатга қарши бирорта ҳаракат қилмагани, фақат “Муаллими соний” китобини болаларга ўқитганини айтган. Судда айбланувчиларнинг бирорта айби исботланмаган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суръат Икромовнинг таъкидлашича, Д.Аҳмедов ҳозир қидирувда бўлган имом Фахриддин Руҳиддиновга қариндошлиги (Давроннинг хотини имомнинг турмуш ўртоғи билан қариндош) учун ваҳҳобийлик диний оқимига алоқадорликда айбланган. Тергов жараёнида айбланувчиларга қийноқлар қўлланилган.

С.Икромов судланувчилар томонидан ҳеч қандай диний гуруҳ тузиш ёки унга аъзо бўлиш ҳаракати содир этилмаганини уларнинг адвокатлари ҳам тасдиқлаётганини билдирди.

“Диний гуруҳларга алоқадорликда гумон қилиниб, судланаётганларнинг ҳаммасига деярли бир хил айбномалар қўйиляпти. Уларнинг фақат фамилияси ўргартириляпти, холос”, - деди С.Икромов.
XS
SM
MD
LG