Линклар

Ўзбекистон-Россия: Олий таълим соҳасидаги алоқаларда сиёсат бирламчими?


Тўлқин Тошкентда Ўзбекистон ва Россия олий ўқув юртлари ўртасида олий таълим соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, хусусан, талабалар алмашув тўғрисида бир неча ҳужжатлар имзоланди.

Бу ҳужжатлар Россия олий таълим вазири Андрей Фурсенконинг Тошкентга қисқа муддатли сафари чоғида имзоланди. Келишувларда Россия ҳукумати томонидан ўзбекистонлик бир неча талабани мазкур мамлакат аспирантура ва докторантураларида таълим олиши учун грантлар ажратилиши ҳам кўзда тутилган.

Ўзбекистон Олий таълим вазирлиги халқаро бўлими бошлиғи Ёқубжон Эргашевнинг “Озодлик” мухбири билан суҳбатда айтишича, икки мамлакат ўртасидаги таълим соҳасидаги алоқалар собиқ иттифоқ парчаланиб кетгандан кейин ҳам тўхтамасдан давом этмоқда. Сўнгги 5-6 йилдан бери эса ҳар йили ўзбекистонлик элликдан ортиқ ўғил-қиз ўқиш учун Россия олий таълим муассасаларига юборилади.

Ё.Эргашев А.Фурсенконинг Тошкентга ташрифи чоғида имзоланган ҳужжатларда россиялик талабаларнинг Ўзбекистон олий ўқув юртларида таҳсил олиши учун ҳам ўрин ажратилиши белгилангани диққатга сазовор эканини билдирди. Бу борадаги шартномада дипломларнинг нострификацияси масаласи ҳам назарда тутилган.

Мустақил кузатувчи Бахтиёр Исабековнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги олий таълим соҳасидаги алоқалар бошдан охир сиёсатга асосланган. Яъни бу ҳамкорликда сиёсий манфаатлар бирламчидир.

“Бу ўринда ўзбек халқининг миллий манфаатларидан Ўзбекистонда яшаётган рус тилида сўзлашувчи аҳоли вакиллари манфаатлари устунроқдир”, - деди Б.Исабеков.

Унинг сўзларига қараганда, Россияда таҳсил олган ёшлар дунёқараши Ғарб мамлакатларида ўқиб қайтган йигит-қизларнинг дунёқарашидан кескин фарқ қилади. Бу эса дунёқарашлар ўртасида муайян зиддиятга олиб келиши мумкин. Хусусан, Ғарбда ўқиганлар демократия ҳавосини олиб келган бўлса, Россияда таҳсил оладиганлар буюк рус шовинизмини ҳам етаклаб келади.
XS
SM
MD
LG