Линклар

Нодавлат телевидениелар эркинми?


Феруза Ҳозир Ўзбекистонда 25 та нодавлат телевидение фаолият кўрсатади. Хоразмда нодавлат телевидение умуман йўқ бир пайтда Бухоро ва Сурхондарёда 4 тадан шундай телевидение ишлайди.

Телетомошабинларнинг сўзларига қараганда, бу телевидениелар одатда мусиқий дастурлар, кино ва мультфильмларни намойиш этади. Уларда реклама ва эълонларга катта вақт ажратилган.

“Ҳукумат қандай фикрласа, бу телевидениелар ҳам шунга мос кўрсатувлар тайёрлайди. Улар одамни фикрлашга ундайдиган бирор кўрсатув бермайди”, - дейди наманганлик Наримов Сафаров.

Бухоролик Исмоил Давлатовнинг айтишича, вилоятдаги телевидениеларда сиёсий, ижтимоий соҳалар ёритилган танқидий кўрсатувлар йўқ. Янгиликлар дастурлари ҳам бу ердаги катта мансабдорлар иштирокидаги тадбирларни ёритиш билан чекланади.

Андижонлик Улуғбек Бакировнинг билдиришича, Андижон воқеаларидан кейин вилоятдаги телевидениелар кўпроқ ғоявий кўрсатувларга катта ўрин ажратмоқда.

Самарқандлик журналист Тошпўлат Раҳматуллаев давлат ва нодавлат телевидениелар ўртасида фақат битта фарқ борлигини таъкидлади.

“Бу икки турдаги телевидениенинг фарқи фақат фаолият кўрсатиш учун маблағ топиш йўлларидадир. Бошқа ҳамма жиҳатдан улар бир хилдир. Улар эркин фаолият кўрсата олмайди”, - деди журналист.
XS
SM
MD
LG