Линклар

Мухлиси йўқ русча газеталар кимга керак?


Лобар Сўнгги вақтларда русийзабон аҳолининг Ўзбекистондан кўчиб кетаётгани рус тилидаги нашрларнинг қисқариши, обуначилар сони камайишига олиб келмоқда.

“Сирдарё ҳақиқати” газетаси мухбири Муҳаммад Алининг сўзларига қараганда, вилоят нашри ҳисобланадиган “Сырдарьинская правда” газетасининг тиражи 300 донага ҳам етмайди. Газета ўзини ўзи қопламайди. Унинг обуначиларининг ҳам кўпчилиги русийзабон аҳоли эмас, балки турли давлат ташкилотлари ходимларидир. Ташкилотлар раҳбарияти мажбурлагандан кейин ходимлар арзонлиги учун шу газетага обуна бўлган.

М.Алининг билдиришича, вилоятдаги ҳафтада бир марта чиқадиган рус тилидаги газеталарда 2-3 киши ишлайди. Улар ҳам ўзбекча нашрларнинг мақолаларини таржима қилиш билан овора.

“Бу эса газетанинг савиясига таъсир қилади. Қолаверса, русийзабон аҳоли бундай газеталарни ўқимайди. Улар “Труд”, “Правда востока”, “Аргументы и факты”га ўхшаш нашрларни ўқиши мумкин. Вилоятдаги русча нашрлар фақат сиёсат учун сақланиб турибди, холос. Ўзини-ўзи қопламайдиган бундай газеталар аллақачон тугатилиши керак эди”, - дейди журналист.

“Сырдарьинская правда” газетасида салкам 40 йилдан буён ишлаб келаётган журналист Евгения Качкаеванинг таъкидлашича, газета тиражи кам бўлгани билан унинг содиқ мухлислари бор. Газетанинг савияси ҳам ёмон эмас.

Гулистон шаҳрида яшовчи русийзабон аҳоли вакиллари “Озодлик” мухбири билан суҳбатда “Сырдарьинская правда”ни ўқимай қўйгани анча бўлгани, ҳозир “Даракчи”, “Тасвир”, “Зеркало 21” каби газеталарни мутолаа қилиб туришини билдирди.

“Сирдарё ҳақиқати” ва “Сырдарьинская правда” газеталари муҳаррири Ортиқ Султоновнинг айтишича, вилоятдаги рус тилидаги газеталарни нашр этиш зарур. Улар ўзбекча нашрлар билан бир-бирини тўлдиради.
XS
SM
MD
LG