Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:34

Хонобод манзараси “Ахборот” мухбирини “нохуш аҳвол”га солди


Хонободдаги ҳарбий базани 180 кун ичида бўшатиб қўйиш тўғрисида Ўзбекистон томонидан АҚШга қўйилган талаб Шанхай ҳамкорлиги ташкилоти декларациясига ҳам, хонободликлар истагига ҳам тўғри келади.

Ўзбекистон телевидениеси 1-каналининг “Таҳлилнома” кўрсатувида шундай хулоса баён қилинди.

Мазкур кўрсатувда журналист ҳарбий базани бундай тасвирлайди:

“Қарши-Ғузор автойўлининг ўнг томони бўйлаб узунлиги бир неча километрга чўзилиб кетган сим тиканли тўсиқ ўрнатилган. Кузатиш минорасидан қуролланган соқчи теварак атрофга диққат билан назар ташлаб турибди. Бундай манзара беихтиёр одамда қандайдир хавотир уйғотади, нохуш аҳволга солади. Худди тасодифан бегона ерларга бориб, хавф остида қолгандай бўласан киши. Хуллас, жуда салбий кўриниш”.

Журналистнинг фикрича, бир неча йиллардан буён шундай оғир аҳволда яшаб келаётган беш мингдан ортиқ хонободликнинг аҳволи қандай кечгани ўз-ўзидан маълум.

Кўрсатувда қишлоқдаги барча муаммолар бир бошдан айтиб ўтилади. Хўш, бу муаммолар илгари йўқмиди ёки ўтган уч йил давомида пайдо бўлдими? Нега энди бу муаммолар ҳақида шу пайтгача ОАВ жим турди?

Қашқадарёлик инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Ёдгор Турлибеков кўрсатувда хонободликлар айтиб ўтган муаммоларни рад қилмайди, лекин айнан Андижон воқеаларидан кейин улар тилга олина бошлагани кишини ҳайрон қолдиришини айтади.

“Биз илгари Хонобод қишлоғининг тиканли симлардан озод қилинишини кўп талаб қилгандик. Бу ердаги муаммолардан ҳам одамлар кўп бор шикоят қилган. Аммо ҳукумат буни инобатга олмаганди. Чунки у пайтларда Каримовнинг (Ўзбекистон президенти) АҚШ билан алоқалари яхши эди”, - дейди Ё.Турлибеков.

“Таҳлилнома”га интервью берган фермер аёл аэродром ҳудудида 10 гектар ери қолиб кетгани, 6 миллион сўм харажатга куйиб қолгани ҳақида гапиради. Бир деҳқон эса самолётларнинг учиб-қўниши пахтасининг ҳосилига салбий таъсир этганидан шикоят қилади. Бироқ Ўзбекистон телевидениеси бу каби ҳолатлар ҳақида илгари бир дона бўлса-да, лавҳа бермаган.

Қашқадарёлик фуқаро Исмоил Раҳмонқулов ҳам хонободликларнинг бу гапларидан ҳайрон қолиб, ўтган вақт ичида бу муаммолар маҳаллий ҳокимият ёдига келмаганини билдирди.

“Бу аэродромга 50-йиллардан бери самолёт ўчиб-қўнади. Ўшандан бери нега бунинг зарари, экология тўғрисида ўйланмай келинаётган экан?” - дейди у.

И.Раҳмонқуловнинг айтишича, Хонобод аэродроми катта коммуникацияга эга объект. Бу аэродром яна ишлатилади. Самолётлар барибир учиб-қўнаверади. Кейин хонободликлар нима дер экан?

Кузатувчи Алимардон Аннаевнинг таъкидлашича, аэродромдан америкаликлар чиқиб кетиб, уни ўзбекистонликлар ишлатса ҳам ҳозирги ҳолат сақланиб қолаверади. Бу муаммоларни ҳал этишнинг энг қулай йўли маҳаллий аҳолини бошқа жойга кўчиришдир.

“Ҳозир орқа-олди ўйланмасдан бу муаммоларга фақат АҚШ ҳарбий базаси сабаб бўлаётганига урғу берилаётгани кулгили вазиятни яратмоқда”, - деди А.Аннаев.
XS
SM
MD
LG