Линклар

Фермер туман ҳокимлигини судга берди


Ҳазорасплик 61 ёшли фермер Қўшназар Ражабов ўз фермер хўжалигига тегишли ер ноқонуний тортиб олинганини даъво қилиб, туман ҳокимлигини Хоразм вилояти хўжалик судига берди.

Қ.Ражабовнинг сўзларига қараганда, у ерни экишга тайёрлаган бир пайтда туман ҳокими қарори билан экин майдони олиб қўйилган. Гарчи у бу қарорни бекор қилишни сўраб, судга ариза билан берган бўлса-да, суд даъвони кўриб чиқишни чўзиб келмоқда.

Ҳазорасп туманининг Овшар қишлоғида яшовчи Қ.Ражабов 2004 йилда 22 гектар ер майдонида “Ражаб дарға” фермер хўжалигини ташкил қилганди. У бу йил қўшимча ер олиш мақсадида танловда қатнашиш жараёнида бир қанча қийинчиликларга дуч келди.

“Мен бир жойдан 35 гектар ер ютиб олгандим. Аммо туман ҳокими ўринбосари Йўлдош Матсаидов бу ерни бошқа одамга олиб берди. Кейин бошқа жойдан ютиб олган еримни ҳам туман ҳокими бўлиб бермоқчи бўлди. Мен қаршилик қилиб, бермадим. У мендан хафа бўлди. Вилоят комиссияси ютганимни тасдиқлаб, далолатнома бергандан кейин ҳоким бу ерни менинг номимга расмийлаштиришга қарор чиқаришга мажбур бўлди”, - дейди Қ.Ражабов.

Маълум бўлишича, Ҳазорасп тумани ҳокимининг жорий йилдаги 18-қарори билан “Ражаб дарға” фермер хўжалигига қўшимча 38 гектар ер ажратилган. Бироқ орадан уч ой ўтиб, ҳокимнинг қўшимча ерни қайтариб олиш тўғрисида бошқа қарори чиққан.

Вилоят адлия бошқармасидан олинган маълумотга кўра, Овшар қишлоғидаги “Эркин” ширкат хўжалиги ўрнида фермер хўжаликларини ташкил этиш жараёнида қўпол қонунбузарликларга йўл қўйилгани аниқланган. Мансабдор шахсларнинг тадбиркорлик билан шуғулланиши амалдаги қонунлар бўйича маън қилинган бўлса-да, Ҳазорасп туманидаги баъзи мансабдор шахслар фермер хўжалиги учун ер олиш танловига қатнашгани ва ютиб чиққани маълум бўлган.

Маҳаллий кузатувчиларнинг эътирофича, Хоразмда фермерлик фаолияти билан шуғулланаётганларнинг аксарияти пулдор ёки мансабдор шахсларнинг қариндошларидир.

“Овшарлик фермер Қўшназар Ражабов узоқ йиллар оддий тракторчи бўлиб ишлагани боис, унинг бошига шундай савдолар тушаётгандир”, - дейди кузатувчилар.
XS
SM
MD
LG