Линклар

logo-print

Россиялик журналист Ўзбекистондан депортация қилинди


Шайбон Норвегиянинг “Форум-18” ташкилоти мухбири, Россия фуқароси Игорь Ротарнинг Ўзбекистонга киритилмай, Москвага депортация қилиниши ўтган ҳафтанинг шов-шувли воқеаларидан бири бўлди.

И.Ротар Бишкекдан Тошкентга учиб келгач, аэропортда ушлаб қолинди ва шу ердан Ўзбекистондан чиқариб юборилди.

Шундан сўнг “Фергана.ру” сайтига берган интервьюсида И.Ротар Ўзбекистонда ўтказилган икки кун ҳақида қуйидагича ҳикоя қилади:

“Икки кун давомида менинг нима сабабдан ушлаб турилишим борасида ҳеч қандай тушунтириш берилмади. Кейинчалик мени, агар адашмасам, ўзбек КГБси ходимлари билан учраштиришди. Улар ўзини миграция хизмати ходимлари, деб таништирди. Улар менинг Тошкентдаги шахсий ҳаётим ҳақида ниҳоятда батафсил маълумотга эга эканлиги ва Андижонда жанг қилганликлари тўғрисида гапирди. Бу одамлар менга очиқ- ойдин: “Қачонгача асабимизни бузасан, истаган йўналишингга чипта сотиб олиб, жўнаб қол, акс ҳолда таъзирингни бериб қўямиз”, дейишди”.

И.Ротар Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматида кишиларнинг “қора рўйхати” борлиги, бу рўйхатга тушганлар мамлакатга киритилмаслигини таъкидлайди.

И.Ротарнинг “Фергана.ру” сайти мухбирига айтишича, ўзини миграция хизмати ходимлари сифатида таништирган шахслар унинг Тошкентдаги шахсий ҳаётига оид барча икир-чикирларни батафсил гапириб берган.

И.Ротар бу учрашувдан ўзига яраша хулоса чиқаради: “Мен аминманки, ўша вақтларда улар менинг телефон суҳбатларимни эшитиб, кетимдан кузатув олиб боришган”.

МХХ вакили “Озодлик” мухбири билан суҳбатда И.Ротарнинг “Фергана.ру”га берган интервьюсида келтирилган даъволарни уйдирма, деб баҳолади. У, шунингдек, И.Ротарнинг Ўзбекистон ичига киритилмагани сабаблари тўғрисида ҳам ҳеч қандай маълумот бермади.
XS
SM
MD
LG