Линклар

logo-print

Андижонда нарх-наво ўсмоқда


Тўлқин Кузатувчилар сўнгги вақтларда Андижонда баъзи истеъмол моллари, ёнилғи ва қурилиш материаллари баҳоси кескин кўтарилгани, бу ўзгариш Андижон фожеасидан кейин қўлланилган маъмурий чораларга боғлиқлигини айтмоқда.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти Булоқбоши тумани бўлими раиси Дилором Абдиеванинг сўзларига қараганда, баъзи маҳсулотлар нархи кўтарилиб кетиши ёки қўққисдан ёнилғи қўйиш шахобчаларида бензин бўлмай қолиши нотабиий ўзгаришлар бўлиб, ўтган йилнинг ёз мавсумида бундай ҳолат кузатилмаган.

“Ҳозир шахобчаларда бензин йўқ. Ҳайдовчилар бензиннинг литрини 500 сўмдан (давлат баҳоси 335 сўм) қўлдан сотиб олишга мажбур бўляпти”, - деди Д.Абдиева.

Жалақудуқ туманида яшовчи инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Улуғбек Бакиров ҳам вилоятда бензин танқислиги борлигини тасдиқлади. Аммо у ҳайдовчилар гапларига таяниб, бу ҳолат ҳар йили мустақиллик байрами арафасида юз беришини билдирди.

Ёнилғи танқислиги билан боғлиқ вазият фақат Андижондами ёки бутун водийда шундай ҳолат кузатиляптими?

Фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдусалом Эргашевнинг маълум қилишича, ҳозирча Фарғона вилоятида ёнилғи танқислиги сезилгани йўқ.

“Аммо кечадан буён баъзи шахобчалар ёпилди. Эҳтимол тақчиллик бошланаётган бўлиши мумкин. Одатда ҳар йили шу пайтда пахта теримига тушишдан олдин ҳукумат эълон қилинмайдиган қарор чиқариб, хусусий машиналарга сотиладиган бензинни камайтиради”, - деди А.Эргашев.

Андижондаги солиқ идораларидан бирининг ходими “Озодлик” мухбири билан суҳбатда айни пайтда ўзи яшаб турган ҳудудда бензин муаммоси йўқлигини билдирди.

“Эзгулик” ташкилоти вакиласи Д.Абдиеванинг айтишича, ҳозир Андижонда уннинг нархи ҳам кўтарилган. Ўтган йили одамлар буғдойни 100 сўмдан сотиб олган бўлса, ҳозир 180 сўмдан харид қилмоқда. Мол гўшти 2400 сўмдан 3000 сўмга, қўй гўшти 2600 сўмдан 3600 сўмга кўтарилган.

Жалақудуқлик У.Бакировнинг билдиришича, Андижон воқеаларидан кейин Қирғизистоннинг Қорасув шаҳридан Ўзбекистонга маҳсулот олиб киришга тўсиқлар бирмунча камайган. Аммо бу ижобий ҳолат кўпга чўзилмаслигидан хавотир бор.

Суҳбатдошларнинг таъкидлашича, Андижонда қурилиш материаллари ҳам сўнгги кунларда кескин қимматлашиб бормоқда. Нархлар ўтган йил ёздагидан кескин фарқ қилади. Андижон воқеаларидан кейин аҳолига узоқ йиллардан бери берилмай келган маош ва нафақалар тарқатилди.

Фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси А.Эргашев нарх-навонинг ўсиши маошлар берилишининг таъсири ҳам бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

“Андижон воқеаларидан кейин йиллар давомида тўланмаган маош ва нафақалар берилди. Ҳатто чегараолди ҳудудларидаги аҳолига фоизсиз кредитлар бериш ҳоллари кузатиляпти. Муомалага бунча нақд пул чиқарилгандан кейин нархларнинг кўтарилиши табиий”, - деди А.Эргашев.
XS
SM
MD
LG