Линклар

“Одил сўз”: Ўзбекистонда ОАВ ва журналистлар ҳуқуқи бузилиши кўпаймоқда


Феруза Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари ва журналистлар ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатлари кундан-кунга кўпайиб бормоқда. “Одил сўз” халқаро ташкилоти ўтказган мониторинг натижалари шундан далолат беряпти.

Ташкилотнинг ОАВ ва журналистлар фаолиятига оид ўтказган мониторинги натижаларига кўра, июль ойида Ўзбекистонда уларнинг ҳуқуқлари бузилишига оид 31 ҳолат қайд этилган.

Мониторингда ҳозир Бухоро вилоятида давлатга қарашли бирорта босмахона қолмагани, яқинда Шофиркон туманидаги давлат босмахонаси ҳам кимошди савдосига қўйилгани, андижонлик мустақил журналист Зокиржон Ибрагимов касбий фаолиятини амалга оширишда тўсиқларга дуч келаётгани тилга олинади.

З.Ибрагимов “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Андижонда нафақат унга, балки маълумот олмоқчи бўлган бошқа журналистларга ҳам тўсиқлар мавжудлигини билдирди.

“Масалан, маҳаллий ҳокимият вакиллари ёки маълумот олмоқчи бўлганингиз ташкилот ходимлари журналистни диктофон ёки бошқа техник восита билан кўриб қолса, дарҳол рухсатнома талаб қиляпти”, - деди З.Ибрагимов.

Мониторингда “Хоразм ҳақиқати” газетаси мухбири Феруза Тангриберганова билан боғлиқ ижобий ҳолат ҳам қайд этилган. Ушбу журналист газетадан ноҳақ ишдан бўшатилган, “Озодлик” радиосига интервью берганидан кейин тазйиқларга учраганди.

Ҳисоботда Ф.Тангрибердиевани ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруқ бекор қилингани, у ишга тиклангани айтилади.

Унда бухоролик журналист Ражаббой Рауповнинг шафқатсизларча калтаклангани, навоийлик журналист Нодира Самандарова ахборот олишда турли тўсиқларга дуч келгани таъкидланади.

Мониторингда “Ўзбекистон” телеканали орқали намойиш этилган “Водийни титратган тун” ҳужжатли фильми хусусида ҳам сўз боради. Унда айтилишича, ушбу ҳужжатли фильм Андижон воқеалари пайтида олинган фото ва видеотасвирларга эмас , балки маҳаллий ҳокимият ва маҳбуслар ҳикояларига асосланган.

Мониторингда маҳаллий журналистлар хорижий мухбирлар гўё террорчиларга минбар бераётгани ҳақида эътироз билдираётгани айтилади.

Мустақил журналист Бобомурод Абдуллаев “Озодлик” мухбири билан суҳбатда ушбу эътирозга муносабат билдириб: “Мен ўйлайманки, журналист қаерда бўлишидан қатъий назар ҳаммага минбар бериши керак”, - деди.

Мониторингда Ўзбекистонда Интернет сайтларининг тўсиб қўйилиши кундан-кун кучайиб бораётгани, танқидий мақола ёзган маҳаллий журналистларга ҳокимият вакиллари томонидан тазйиқлар ўтказилаётгани айтиб ўтилади.
XS
SM
MD
LG