Линклар

Жабрдийдаларнинг пулини ким “туя” қилди?


Фирдавс Қашқадарёда ўтган қиш-баҳор мавсумида уй-жойи тошқин оқибатида вайрон бўлган фуқароларга кўмак кўрсатиш ва товон пули ажратиш шу пайтгача пайсалга солиб келинмоқда.

Чироқчи туманининг “Пахтакор” ширкат хўжалигидаги Кўктош қишлоғида истиқомат қилувчи Аҳмад Убайдуллаев, Мирзақул Каримов ва Эркин Кароматовнинг уйи 2004 йил 20 ноябрь куни Эски анҳор канали тошиши оқибатида вайрон бўлган эди.

А.Убайдуллаевнинг сўзларига қараганда, каналнинг ширкат хўжалигига сув берадиган ўзани очиқ қолиши, селга қарши ариқлар кўмилиб кетгани сабабли тошқин қишлоқдаги 7 кишига зарар етказган. 3 кишининг уйи бутунлай вайрон бўлган. Натижада бу уч хонадон жами 12 миллион сўм зарар кўрган.

2004 йил 21 ноябрда бир неча ташкилот вакиллари томонидан тузилган далолатномада Эски анҳор каналидан сувни “Пахтакор” хўжалигига бурадиган тўғонлар очиқ қолдирилгани, ирригация тизимлари ишдан чиққани тошқин натижасида уйлар вайрон бўлишига олиб келгани қайд этилган.

Тошқиндан кейин тегишли идоралар етказилган зарар миқдорини аниқлаб, уй-жойи вайрон бўлганларга ёрдам кўрсатиш, 1 августга қадар ҳашар йўли билан янги бошпана тиклашга кўмаклашишга ваъда берганди.

“Аммо мана август ҳам ўтиб боряпти. Бизга ҳеч қандай ёрдам бўлгани йўқ”, - дейди уйи вайрон бўлган М.Каримов.

Табиий офатдан зарар кўрган Рўёб Қурбонова болалари билан қўшнисининг бир хонали уйига кўчиб ўтганди. Баҳорга келиб, қўшниси келин олаётгани сабабли уни уйидан чиқарди. 3 апрелдан буён Р.Қурбонова болалари билан чодирда яшамоқда.

М.Каримов эса 11 нафар оила аъзоси билан қишни қишлоқ масжидида ўтказди.

“Чироқчи баҳолаш экспертизаси” масъулияти чекланган жамияти Э.Кароматов 4 миллион 50 минг 950 сўм, М.Каримов 5 миллион сўмдан ортиқ, А.Убайдуллаев 4 миллион 900 минг сўм зарар кўргани ҳақида хулоса берган. Аммо жабрланувчилар шу пайтгача бу маблағни кимдан ундиришни билмайди. Уларнинг айтишича, асосий айбдорлар – “Пахтакор” ширкат хўжалиги ва Эски анҳор канали раҳбарлари жабр кўрганларга ёрдам беришни истамаяпти.

Чироқчи тумани ҳокими ўринбосари Абдусаттор Бозоровнинг билдиришича, уй-жойсиз қолганларга ер участкаси ажратилган, ҳомий ташкилотлар бириктирилган. Суғурта агентлиги ҳар бир оилага 23 минг сўмдан пул берган. Уларга уй пойдевори учун цемент олиб берилган.

Ҳоким ўринбосари баҳолаш комиссияси берган хулосадаги маблағни олишга умид қилмаса ҳам бўлишини, чунки жавобгарлар йўқлигини таъкидлади.

“Уйлар суғурта қилинган бўлганида бу маблағни суғурта агентлиги тўлаган бўларди. Аммо уйлар суғурта қилинмаган”, - деди А.Бозоров.

Жабрдийдаларнинг билдиришича, фавқулодда вазиятлар бошқармаси уй-жойи вайрон бўлганларга 500 минг сўмдан пул берилгани ҳақида юқори ташкилотларга ҳисобот киритган.

“Биз бу пулни кўрганимиз ҳам йўқ”, - дейди жабрдийдалар.
XS
SM
MD
LG