Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:00

Санжар Умаров чет эллик иқтисодчиларни ёрдамга чақиряпти


Тўлқин Яқинда “Серқуёш Ўзбекистоним” миллий бирлик коалицияси мамлакатни ҳозирги мавжуд инқироздан чиқариш мақсадида халқаро иқтисодий маслаҳат кенгаши тузилишини маълум қилди.

Коалиция Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол ўта оғирлиги, бу эса ҳалокатли оқибатларни келтириб чиқариши олдини олиш учун инқироздан чиқиш дастурини зудлик билан ишлаб чиқиш зарурлигини айтмоқда.

Коалиция раҳбари Санжар Умаровнинг сўзларига қараганда, халқаро иқтисодий маслаҳат кенгаши сентябрь ойига қадар тузиб бўлинади. Кенгашга АҚШ, Европа, Россия ва Қозоғистондан кучли иқтисодчилар таклиф этилади.

Мазкур коалиция илгариги баёнотларидан бирида Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотларни бошлашдан аввал Вазирлар Маҳкамаси ва мавжуд парламентни тарқатиб юбориш, янги ҳукумат тузиш ва бу масалада мамлакат президенти билан мулоқот ўтказиш таклифини илгари сурган эди.

С.Умаров коалиция ҳали ҳам президентдан бошқа барча ҳукумат аъзоларини истеъфога чиқариш керак, деган фикрда қатъий эканини билдирди. С.Умаров мамлакатдаги вазиятни ўзгартириш учун президентда ҳали ҳам вақт борлиги, коалиция барча режаларини давлат раҳбари билан биргаликда амалга ошириш ниятида эканини таъкидлади.

Коалиция тутаётган бундай позиция мухолифатдаги аксарият кучларнинг кескин танқидига учрамоқда.

“Эрк” демократик партияси вакили Бахтиёр Исабековнинг фикрича, президент кетмай туриб, ҳукумат истеъфо бергани билан ҳеч нарса ўзгармайди. Чунки аслида ҳукумат раҳбари ҳам президентнинг ўзи.

“Коалициядагилар ҳам буни билади. Аммо улар шу йўл билан президентнинг ўзларига нисбатан мойиллигини сақлаб қолиб, ҳозирги ҳукумат ўрнига беш-олти тарафдорини олиб келмоқчи”, - деди Б.Исабеков.

Сиёсатшунос Баҳодир Мусаевнинг эътирофича, коррупция асосига қурилган авторитар тузум ҳукмрон бўлган шароитда ҳукумат билан иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш борасида мулоқот қилиш хомхаёлдир.

“Аввал сиёсий ислоҳотлар ўтказиш керак, - деди сиёсатшунос. – Акс ҳода ҳеч нарса ўзгармайди. Яъни давлат бошқаруви механизми илгаригидек ишлайверади. Иқтисодиётни тепадан бошқариш давом этаверади. Ҳақиқий иқтисодий ислоҳотлар бўлиши учун, аввало, ҳукумат легитим бўлиши, халқ ҳукуматга ишониши керак. Бу ҳукумат эса 14 йил давомида ўзининг ислоҳотларга мутлақо қодир эмаслигини кўрсатди”.

Б.Мусаев С.Умаров гуруҳи Ўзбекистон ва АҚШ ҳукумати ўртасидаги муносабатларда қандайдир воситачи бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

С.Умаров коалиция ҳам дастлаб баъзи сиёсий ислоҳотлар ўтказилиб, шундан кейингина иқтисодий ислоҳотларни бошлаш тарафдори эканини маълум қилди. Яъни ҳукумат алмашиши сиёсий ўзгаришдир. Янги ҳукуматда мухолифат вакиллари ҳам, ҳозирги ҳукуматдаги коррупцияга аралашмаган ёш технократлар ҳам кириши керак.

С.Умаров ҳозир Ўзбекистонда иқтисодиёт ўта оғир аҳволга келиб қолганини таъкидлаб, банк соҳасидаги инқироздан мисол келтирди: “Бундан бир ой олдин Миллий банк ходимлари устидан 14 та жиноят иши қўзғатилган. Ўзбекистон иқтисодиётининг 70 фоизи Миллий банк билан боғлиқ. Ҳозир чет эл банклари бу банк билан алоқаларни узмоқчи”.

С.Умаровнинг билдиришича, халқаро иқтисодий маслаҳат кенгашига жалб этилган мутахассислар ва лойиҳалар моддий жиҳатдан рағбатлантириб борилади. Бир қанча молиявий институтлар коалиция режасини қўллаб-қувватлашини билдирган. Шунингдек, коалиция АҚШ томонидан Ўзбекистондаги демократик ўзгаришлар ва иқтисодий ислоҳотлар учун ажратилган 28,5 миллион доллар маблағнинг бир қисмига умид қилмоқда.
XS
SM
MD
LG