Линклар

logo-print

Собиқ ширкатлар ишчилари қўлини бурнига тиқиб қолмоқда


Фирдавс Ўтган йиллар давомида Қашқадарёда 150 га яқин ширкат хўжалиги фермер хўжаликларига айлантирилди. Собиқ ширкатлар эса ўз ишчиларидан миллионлаб сўм қарздор бўлиб қолган ва бу қарзлар ҳали ҳам узилгани йўқ.

Собиқ ширкат ишчиларидан бирининг айтишича, ширкат ундан 350 минг сўм, оила аъзолариники билан қўшганда жами 750 минг сўм қарздор бўлиб қолган.

Қарши туманидаги “Ипак йўли” ширкат хўжалиги 2004 йилда фермер хўжаликларига айлантирилган эди. Собиқ ишчилар ширкатда неча сўм маблағи қолиб кетганини ҳам билмайди.

“Тахминан 1 миллион сўмдан ортиқ пулим қолиб кетган бўлса керак. Лекин бу борада бизга ҳеч ким ҳисобот бермаган”, - дейди ишчилардан бири.

Ишчининг айтишича, 2004 йил натижалари бўйича у ижарачи сифатида ширкат хўжалигига 20 миллионга яқин даромад келтирган. Аммо шу пайтгача на маош, на дивидент олган.

Қарши туманида 6 та ширкат хўжалиги фермер хўжаликларига айлантирилган. Туман ҳокими ўринбосари Қўйли Раҳмоновнинг билдиришича, бундан 3-4 йил илгари фермерлаштирилган хўжаликлар ҳам ўз аъзоларининг иш ҳақини шу пайтгача тўлаб бера олмаган. Қарзни узишда икки манбадан – хўжалик топширган маҳсулот ва асосий воситаларни сотишдан тушган маблағдан фойдаланилади. Аммо бу маблағ барча қарзларни узишга етмайди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Ёдгор Турлибековнинг таъкидлашича, ишчилар қарзларини ҳеч қачон ололмайди. Чунки хўжалик маҳсулоти ва асосий воситаларини сотишдан тушган маблағлар аллақачон талон-тарож қилиб юборилган. Қолаверса, деҳқонларнинг ҳисоб-китобга бўшлиги, ўз ҳақини талаб қила олмаслиги ҳам қарзларнинг қайтарилишига умидни сўндиради.
XS
SM
MD
LG