Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:35

Жиззахда фермерга ҳавас қилиб бўлмайди


Феруза Маҳаллий ҳокимликлар томонидан ерлари ноқонуний равишда тортиб олинган жиззахлик фермерлар адолат излаб қилаётган саъй-ҳаракатлари учун кўплаб тазйиқларга учраётганини айтмоқда.

Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида яшовчи эндиликда собиқ фермер Хуршида Тоғаеванинг 20 гектар ери 2004 йил августда мажбурий равишда ариза ёздирилиб, тортиб олинган эди.

“Пахтам айни етишган пайтда еримни олиб қўйишди. Бир йилдан буён ишсизман. 9 жонни боқишим керак. Уларнинг кийишга кийими, ейишга уни йўқ. Ҳокимга мурожаат қилсам, ер ҳам, дон ҳам бермаслигини айтди. Президентга ҳам хатлар ёздим. Лекин жавоб келгани йўқ”, - дейди Х.Тоғаева.

Пахаткорлик яна бир собиқ фермер аёл Саида Қурбонованинг ҳасратлари ҳам Х.Тоғаеваникидан кам эмас. Унинг ери ўтган йили 31 октябрда туман ҳокимининг даъво аризаси асосида хўжалик суди қарори билан қайтариб олинган.

“Бунинг сабаби 17 гектар ердаги пахтам терилмасдан қолиб кетганидадир. Мен 10 ойлик тинимсиз меҳнатим учун 77 минг сўм пул олганман. Шунча пулга нима қила олишим ҳеч кимнинг хаёлига келмади”, - деди С.Қурбонова.

С.Қурбонованинг сўзларига қараганда, ҳуқуқ-тартибот ходимлари ва маҳаллий ҳокимият вакиллари уларга қаттиқ тазйиқ ўтказмоқда. Уларнинг уйидан чиқишига рухсат берилмаяпти. Уйлари қаттиқ назорат қилиняпти.

Ери тортиб олинган жиззахлик яна бир фермер янги ер эгасига айланаётган кишиларга ҳам ҳавас қилиш ўринсиз эканини таъкидлади.

“Ерни тортиб олишдан асосий мақсад бу ерни бошқа фермерга сотишдир. Бу фермер ҳам бир йил ишласа, кейин еридан ажралади. Бундан раҳбарлар катта пул ишлайди”, - деди фермер.

Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати раҳбари Шерзод Қудратхўжаевнинг билдиришича, қонунчиликка кўра, ер майдони ер эгасидан экиш ва ҳосил йиғиштириб олиниш мавсумида, яъни баҳор, ёз ва кузда олиб қўйилиши мумкин эмас.

“Ерни фақат қишда, яъни ер дам олаётган пайтда олиб қўйиш мумкин. Бошқа пайтда ер олиб қўйилаётгани ҳақидаги гаплар ҳақиқатдан йироқ”, - деди Ш.Қудратхўжаев.

Жиззах вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати вакиласи Насиба Синдорованинг таъкидлашича, давлат режасини бажармаган, ердан унумли фойдаланмаган фермерларга давлат бир неча марта имконият яратиб беради. Шундан кейин ҳам фермер режани бажармаса, ери олиб қўйилади.

Н.Синдорова ери тортиб олинган фермерларга тазйиқлар бўлаётганини рад этди.
XS
SM
MD
LG