Линклар

Ўқув йили ташвишлари


Дилнаво Ўқув йили бошланишига саноқли кунлар қолган бир пайтда ота-оналарнинг мактаб дарсликлари ва ўқув қуролларининг ўта қимматлигидан норозилиги тобора яққолроқ сезилмоқда.

Ҳозир Ўзбекистоннинг барча шаҳар ва туманларида 2005-2006 ўқув йили учун очилган “Мактаб бозорлари” фаолият кўрсатмоқда. Бу бозорларда дарсликларнинг қимматлигидан фиғони фалакка чиқаётган ота-оналарни эса тез-тез учратиш мумкин.

“Битта инглиз тили китобини 3,5 минг сўмга олдим. Мусиқа дарслиги қимматлиги учун сотиб ололмадим. Ҳозир 20 минг сўмга яқин сарфладик. Кўп дарсликларни харид қила олмадик. Уч фарзандим мактабда ўқийди. Ҳар бирига шунча пул кетса, бу ёқда маошларнинг чўғи йўқ”, - дейди харидор аёл.

Бошқа харидорлар ҳам дарсликлар ва ўқув қуроллари сотиб олишга 30 мингдан 100 минг сўмгача зарур бўлишини билдирди.

Ота-оналар мактаб формаси ва сумка харид қилишга ҳам шунча маблағ кетишини айтар экан, китоблар сифатсиз босилаётгани, шунинг учун ҳар йили дарсликларни қайта-қайта сотиб олишга тўғри келаётгани таъкидлади.

“Мактаб бозорлари”дан барча керакли дарсликларни топиш ҳам муаммо бўлиб турибди. Сотувчиларнинг айтишича, бу муаммо ўтган йили ҳам бор эди. Баъзи китоблар сотувда умуман йўқ.

“Бизда энг асосийси ўзбек тили бўлишига қарамай, негадир бу дарслик ҳеч қаерда йўқ. На ўтган йили, на бу йил топа олдик. Ахир рус мактабларида ўзбек тили дарси асосий фан сифатида ўқитилади-ку. Лекин ҳамма китобларни мактабнинг ўзида бергани яхшироқ эди”, - деди фарзанди рус мактабида таълим оладиган харидор.

“Ўқитувчи” нашриёти бош муҳаррири Абдулла Ҳасановнинг “Озодлик” мухбири билан суҳбатда билдиришича, нашриёт бу йил, асосан, мактаб кутубхоналари жамғармаси учун ўқувчиларга бепул тарқатишга мўлжалланган дарсликлар нашр қилмоқда. Халқ таълими вазирлиги кутубхоналар жамғармаси учун умумтаълим мактабларининг 2-11 синфларига мўлжалланган 123 номдаги дарсликка буюртма берган.

А.Ҳасановнинг таъкидлашича, дарсликларнинг муайян қисми талаб ва эҳтиёжга қараб очиқ савдо учун чоп этилмоқда. Баъзи дарсликлар бошқа нашриётларда ҳам босиляпти.

“Мактаб бозори”га келаётган харидорларни яна бир муаммо ташвишга соляпти. Масалан, бу йил сотиб олинган дарслик кейинги йил учун ўша синф ўқувчисига тўғри келмаяпти.

Халқ таълими вазирлиги дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар бўлими бошлиғи Бахтиёр Дониёров эндиликда бундай муаммога дуч келинмаслигини билдирди. Зеро, унинг айтишича, бундан буён ҳар бир дарслик камида 4 йилга мўлжаллаб чиқарилади.

“Мактаб кутубхонаси жамғармасига кам таъминланган оилалар фарзандлари ҳамда 1-4, 5, 6, 7 ва 9-синфлар дарсликларини ижарага бериш учун китоблар харид қилинмоқда. Бозорга чиқарилаётган дарсликлар баҳосига келсак, фарзандини яхши кўрган ота-она учун бу китобларнинг нархи ҳеч қачон қимматлик қилмайди”, - деди Б.Дониёров.

Шунга қарамай, ота-оналарнинг норозилигига сабаб бўлаётган ҳолатлар кўп. Масалан, кам таъминланган оилалар рўйхати жуда озчиликдан иборат бўлиб, ижарага бериладиган дарсликлар ҳам талаб қилинган китобларнинг ярминигина ташкил этади. Бундан ташқари, китобларнинг ижарага берилмаган қисмига ҳамда бошқа ўқув қуролларига катта харажат талаб этаётган бир пайтда ижара нархи кўп болали оилаларга оғирлик қиляпти.
XS
SM
MD
LG