Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:24

Термитга қарши кураш усули яратилди


Яқинда Урганч давлат университети олимлари Ўзбекистон Фанлар академиясининг Зоология институти ходимлари билан ҳамкорликда термитларга қарши курашнинг янги усулини ишлаб чиқди.

Урганчлик биолог Икром Абдуллаевнинг сўзларига қараганда, термитларни йўқ қилувчи алдамчи озуқа америкача услуб асосида яратилган. Алдамчи озуқа таркибида хлорфромозон ва гексофломорон кимёвий моддалари, бактерия ва замбуруғ микрорганизмлари бор.

Айни кунларда термитга қарши курашнинг янги усули бўйича илмий тадқиқот ишлари бошлаб юборилган.

И.Абдуллаевнинг билдиришича, Хивадаги Ичонқалъанинг Жума масжиди тарихий ёдгорлигига алдамчи озуқали уч юздан ортиқ махсус идиш қўйилган. 1,5-2 ойдан кейин бу озуқа қандай натижаларга олиб келгани текшириб кўрилади.

Термит қурти Хоразмда ўтган асрнинг 80-йилларида аниқланган. Бу зараркунанда воҳадаги тарихий обидалар ва аҳоли уйларига жиддий зарар етказиб келяпти. Хива шаҳридаги 30 та тарихий ёдгорлик, “Янги турмуш”, “Ичонқаъла” ва “Мевастон” маҳаллаларидаги юзлаб иншоотлар термитдан зарарланган. Биргина “Мевастон”да 300 га яқин хонадон термитдан шикастлангани аниқланган.

Айни пайтда бу уйларнинг аксариятида яшаш жуда хавфли бўлиб қолган. Аҳоли уйларнинг босиб қолишидан доимий хавотирда яшашга мажбур бўляпти.

Бу хавотирларга асос бор. Ўтган йили хивалик Сафоевлар хонадони айвони томи термит қуртидан зарарланиш оқибатида қулаб тушган эди. Натижада оиланинг 4 ёшли эгазаклари Ойша ва Фотима девор тагида қолиб ҳалок бўлганди.

Биолог И.Абдуллаевнинг айтишича, олимлар термитларнинг зарари жуда катта бўлаётгани ҳақида огоҳлантириб келаётган бўлса-да, ҳозиргача нафақат Хоразмда, балки республикада ҳам уларга қарши курашувчи бирорта биолаборатория ташкил этилмаган. Бунга маблағ йўқлиги сабаб бўляпти.

Маълум бўлишича, маблағ йўқлиги учун “Мевастон” маҳалласини кўчириш масаласи ҳам 4 йилдан буён пайсалга солиняпти.

И.Абдуллаев бу муаммо термитга қарши курашнинг янги усулидан самарали фойдаланишга ҳам тўсиқ бўлаётганини билдирди.

“Биз фақат халқаро грант ҳамда Ўзбекистон Фан ва техника қўмитаси гранти асосидагина илмий тадқиқотлар олиб боряпмиз”, - деди олим.

Расмий маълумотларга кўра, Хива шаҳрида термитга қарши тадқиқот олиб бориш, тупроқни термитдан тозалаш ишларига, шунингдек, термитдан зарар кўрган аҳолини турар-жой билан таъминлаш ва уларга товон пули тўлаш учун жами 6 миллион долларга яқин маблағ керак бўлади. Ҳозирча бу маблағнинг топилиши даргумон бўлиб турибди.
XS
SM
MD
LG