Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:39

Ўзбекистон телевидениесининг “тезкорлиги”


Зикрилло Ишонч Ўзбекистон телевидениесини кўриб борадиган томошабинлар мамлакат оммавий ахборот воситалари хорижда юз бераётган муҳим воқеаларни муттасил равишда жуда кечикиб бераётганини айтмоқда.

Томошабинларнинг билдиришича, “Ахборот” ва “Давр” янгиликлар дастурлари халқаро воқеаларни бир суткагача кечикиб беради.

Мустақил журналист Алимардон Аннаев бу ҳолатни томошабинларга нисбатан нописандлик, деб баҳолади. Унинг фикрича, бундай кечикишни телевидениеда цензуранинг кучлилиги билан изоҳлаш мумкин.

А.Аннаев кадрлар етишмаслиги ва техник муаммолар ҳам Ўзбекистон телевидениесини шу аҳволга солганини таъкидлади. Қолаверса, мавжуд шарҳловчию таҳлилчилар ҳам цензура туфайли воқеа-ҳодисага тезкорлик билан объектив муносабат билдира олмайди.

“Телевидениемиз бўлиб ўтиб, ҳамма жойга тарқалиб кетган воқеаларнинг ҳам сўнгги тафсилотини кўчириб бера олмайди. Менимча, телевидениедаги шарҳловчилар, мухбирлар воқеани уйида кўриб, эртаси куни гапиради. Тезкорлик бизнинг журналистикамизга хос бўлмаган ҳолатга айланиб қолди”, - дейди яна бир журналист Шароф Убайдуллаев.

Ш.Убайдуллаев бу ҳолатлар Ўзбекистон телевидениеси учун эски муаммо эканини билдирар экан, сўз эркинлиги бўлмаган шароитда бундай муаммолар сақланиб қолаверишини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG