Линклар

Россиядаги ўзбеклар газета чиқармоқда


Феруза Август ойи бошларида Россиядаги ўзбеклар диаспораси Россия ва Ўзбекистондаги ўзбеклар ҳаёти ҳақида маълумотлар бериб турувчи “Ўзбегим” номли газета чиқара бошлади.

Ўзбек тилидаги ушбу газета бош муҳаррири Улуғбек Долиев билан нашр мақсадлари ҳақида гаплашишнинг имкони бўлмади.

“Ўзбегим”нинг илк сони билан яқиндан таниш бўлган “Фергана.ру” сайти бош муҳаррири Даниил Кисловнинг сўзларига қараганда, мазкур нашр Россиядаги ўзбек мигрантларига Ўзбекистонда чиққан қонунлар ва қарорлар, янгиликларни, ўзбек мигрантларининг ҳаёт тарзи ва муаммоларига бевосита алоқадор маълумотларни бериб боради.

“Газетанинг илк саҳифасига Россиядаги ватандошларга мурожаат жойлаштирилган. Газетада ҳар доим ҳам Россиянинг диққатга сазовор жойлари, тарихи ва маданияти билан танишиш имкони йўқ ўзбекларга шу ҳақдаги маълумотлар, айниқса, Россиянинг Туркистон билан муносабатларига оид ахборотлар бериб борилиши ёзилган. Бундан ташқари, “Диққат” рукнида Ўзбекистон фуқаролигига эга шахслар учун Россиядан чиқишга доир янги тартиб-қоидалар ҳақида маълумот берилган”, - деди Д.Кислов.

Д.Кисловнинг билдиришича, “Ўзбегим” газетасининг асосий мақсади Россиядаги ўзбек мигрантларига, тақдир тақозоси билан бу мамлакатга бориб қолган, турли муаммоларга дуч келаётган барча ўзбекистонликларга ёрдам беришдир. Масалан, газетанинг биринчи сонида паспортини йўқотиб қўйган ўзбекистонликлар кимга ва қаерга мурожаат қилиши ҳақида ёзилган ва керакли телефон рақамлари берилган.

Д.Кислов “Ўзбегим” сиёсий газета эмаслиги ва ойига икки марта чоп этилиб, текин тарқатилиши маълум қилди.

Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси вакили Музаффар Зоҳидовнинг фикрича, Россияда ўзбек тилида чоп этилган бу илк газета ватандошларга ёрдам бериш жиҳатдан фойдаладир.
XS
SM
MD
LG