Линклар

logo-print

Қашқадарё ҳокимининг ҳотамтойлиги ҳақида


“Озодлик” радиоси

Қашқадарёлик журналистлардан бири “Озодлик” радиосига қўнғироқ қилиб, вилоятда бўлиб ўтган бир тадбир ҳақида ёзган хабарини бирорта маҳаллий нашр чоп этмаётганини билдирди.

Радио Қашқадарё вилояти ҳокими қалам аҳлини бир сўлим гўшага йиғиб, ўз номидан совғалар улашгани тўғрисида "Яшасин Нуриддин Зайниевич!” сарлавҳали хабар ёзган бу журналистга минбар беришга қарор қилди:

“20 август куни Қашқадарё вилоятининг “Мингчинор” сўлим масканида вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан “Мен туғилган юрт” номли хайрли тадбир ўтказилиб, унга Қашқадарё вилояти туман ва овулларида туғилиб, пойтахтда илдиз отган ҳамкасбларимиз таклиф қилинди. Тўйга чақирувчи жиккаккина, уддабурон ҳамкасбимизнинг туширган каттагина қовунларини инобатга олмаганда, тадбир ростмана гўзал бошланди.

Ташкилотчилар эшик олдида хавфсизлик нуқтаи назаридан меҳмонларни роса синчиклаб кўздан кечиришди. Муштоқ кўнгилларни интиқ қилган тадбир ташкилотчиси Нуриддин Зайниев атоқли адибимиз, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов билан дўстона қўлтиқлашганча кириб келди. Ўзининг сермазмун нутқида қашқадарёликларнинг аввалги мажбурияти юртнинг шаъни-шавкатини юксалтириш эканини таъкидлаган нотиқ бу борада ҳамкасбларга омад тилади.

Дастурхон ноз-неъматларга тўла. Бедана кабобидан тортиб, мусалласларнинг оқу пуштирангигача тортилган эди. Вилоят иш ҳақларидан қарздорлик, ногиронларни ижтимоий қўллаб-қувватлашдек улкан муаммолар гирдобида ётган бир пайтда шундай тўкин дастурхон ёзишни эплаган ташкилотчиларга балли дейсан.

Тадбир авжи паллага чиққанида Нуриддин Зайниевич меҳмонларга ташкилотчиларнинг арзимасгина туҳфасини топшираркан, кўзойнак ортидаги меҳр тўла кўзлари қувончдан порлади. Кичиккина қора жомадондан тортиб, 200 минг сўмлик конвертни олган 50 нафар ҳамкасбларимизнинг бундай меҳрдан кўнгиллари ийиб кетди. Улар бундай ҳотамтойликнинг сабабни юртнинг шаънини юксалтириш, унинг ютуқларини кўз-кўз қилишга йўйдилар. Илло, барча кўрсаткичлар бўйича олдинги ўринда турадиган воҳанинг ютуқлари энди янада кўпаяверади. Маъракага чақирилмай қолган айрим қаламкашлар эса бу тадбирларнинг давомли эканини эшитиб, зўр умид билан яшамоқдалар”.
XS
SM
MD
LG