Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:43

Бухородаги илк нодавлат олий ўқув юрти ёпилиш арафасида


Басира Бухорода 2002 йилда бир гуруҳ ўқитувчилар томонидан ташкил этилган нодавлат олий ўқув юрти - Инновация менежменти ва патентшунослик институти ёпилиш арафасида турибди.

Бу институт Ўзбекистон рационализаторлар ва ихтирочилар жамияти муассислигида ташкил этилган. Яқинда жамиятнинг республика кенгаши раиси Бахтиёр Аҳмедов Ўзбекистон президентига институтнинг ёпилмаслиги учун ёрдам беришни сўраб, очиқ хат йўллади.

Б.Аҳмедов Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини амалга оширишда, жумладан, нодавлат олий ўқув юртлари масаласида рўй бераётган чалкашликлардан президентнинг хабари йўқлигига ишониб, унга очиқ хат билан мурожаат этишга қарор қилганини билдирди.

“Президент Ислом Каримов томонидан таклиф этилган Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини ўқиб чиқиб, унда давлат олий ўқув юртлари билан бир қаторда нодавлат олий ўқув юртларини ривожлантириш кераклиги айтиб ўтилганига гувоҳ бўлдик. Бундай ёндашув етук кадрлар тайёрлашда рақобат бўлишига олиб келар эди. Шу боис, биз катта умид билан шу ишга қўл урган эдик. Фақатгина лицензия масаласи ечилмай қолаётганди. 2000 йилда лицензия тўғрисида қонун чиққан бўлса-да, шу пайтга қадар нодавлат таълим муассасаларига лицензия берувчи орган ва лицензия бериш тартиби йўқ”, - деди Б.Аҳмедов.

Айни пайтда институтни ёпиш ва унинг техникавий базасини мусодара қилишга қаратилган суд жараёнлари давом этяпти.

Б.Аҳмедовнинг таъкидлашича, нодавлат олий ўқув юртини ёпиш кимларгадир манфаат келтиради. Давлат олий ўқув юртларининг монополияси кимларгадир керак. Монополияни сақлаб қолмоқчи бўлганлар эса рақобатчини йўқотишга уринмоқда.

“Институтимиз тақдири қандай кечиши Ўзбекистонда Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг ечимини, келажакда нодавлат олий ўқув юртлари бўлиш-бўлмаслиги масаласини ҳал қилиб беради. Чунки бизга ўхшаб ҳақиқат орқасидан югурадиганлар топилиши амри-маҳол”, - деди Б.Аҳмедов.

Б.Аҳмедов институт ёпилиши масаласида давлат раҳбарига очиқ хат йўллашдан аввал бир неча марта президент девонига, Давлат солиқ қўмитасига, Адлия вазирлиги ва Конституциявий судга мурожаат қилган. Аммо бирор идорадан нажот топмаган.

Шу кунларда Бухоро вилояти хўжалик суди Бухоро шаҳри ҳокимлигининг даъво аризаси асосида институтни ёпиш масаласини кўриб чиқишни режалаштирмоқда.
XS
SM
MD
LG