Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:04

Пикулина ўзига тазйиқлар бўлаётганини рад этмоқда


Феруза Мустақил электрон оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистондаги “С-Монитор” ноҳукумат тадқиқот маркази тезда ёпилиши мумкинлиги тўғрисида маълумотлар тарқатилмоқда.

Маълумотларда айтилишича, мазкур марказ раҳбари Марина Пикулинага мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан қаттиқ тазйиқ ўтказилмоқда. Бунга марказнинг “Нобель мукофотига номзод минг аёл” халқаро лойиҳаси бўйича иш олиб бораётгани сабаб бўлган.

Яқинда Интернетда эълон қилинган “Аёлларни хушламайдиган шахс. Элёр Ғаниев “1000 аёл”га қарши” сарлавҳали мақолада халқаро лойиҳа бўйича Ўзбекистондан Нобель мукофотига номзод аёллар билан матбуот анжумани ўтказилишига ТИВ қаршилик кўрсатгани баён этилади. Мақола муаллифи Вадим Ляганов шу мисолда Ўзбекистон ТИВни мамлакатда фаолият кўрсатаётган халқаро ва хорижий демократик ташкилотларга қарши қатағон сиёсатини олиб бораётганликда айблайди.

Бироқ, қизиғи шундаки, “С-Монитор” маркази раҳбари М.Пикулина электрон ОАВда пайдо бўлаётган бу каби хабар уйдирмадан бошқа нарса эмаслигини айтмоқда.

“Мақолада айтилганидек, ташқи ишлар вазири ҳузурига борганим ҳам, у мени сўроқ қилгани ҳам йўқ. Бу ҳақдаги хабарлар бўҳтон. Мен бундай миш-миш ва уйдирмалар кимга кераклигидан таажжубдаман”, - деди “Озодлик” мухбири билан суҳбатда М.Пикулина.

У Вадим Лягановга ташкилоти ва ўзига тазйиқ бўлаётгани тўғрисида келтирилган маълумотларни бермаганини билдирди.

Шу билан бирга, М.Пикулина ҳақиқатан ҳам Ўзбекистонда Швейцариянинг “Нобель мукофотига номзод 1000 аёл” лойиҳасига ижобий қаралмаётганини таъкидлади.

“Охирги пайтларда биз олиб бораётган лойиҳа атрофида носоғлом ахборот муҳити юзага келди, - деди М.Пикулина. - Бу лойиҳа аслида тинчликни мустаҳкамлаш ва аёллар мақомини кўтаришга қаратилган. Бироқ, минг афсуски, бизга Ўзбекистон матбуоти орқали бу лойиҳанинг мақсади фақат мамлакатда аёлларнинг фаоллигини ошириш, уларнинг жамиятдаги мавқеини юксалтиришдан иборат эканини тушунтиришга имкон берилмади. Биз тўғримизда ҳаққоний ва холис ахборотлар йўқлиги лойиҳамиз ҳақида турли салбий фикрлар пайдо қилди ва Ўзбекистон расмийлари лойиҳамизни ижобий қабул қилмади”.

М.Пикулинанинг таъкидлашича, у раҳбарлик қилаётган “С-монитор” ташкилотининг “Нобель мукофотига номзод 1000 аёл” лойиҳасига мутлақо алоқаси йўқ. Унинг ёпилиш-ёпилмаслиги лойиҳа билан боғлиқ эмас. Ҳозир Тошкент шаҳри адлия бошқармаси марказнинг фаолият муддатини чўзиб бериш учун лозим баъзи қўшимча ҳужжатлар талаб қиляпти.

М.Пикулина бу масала яқин орада ижобий ҳал этилишига умид билдирди.

“Озодлик” мухбири юқорида эслатилган мақола муаллифи В.Ляганов билан ҳам суҳбатда бўлди. Унинг айтишича, мақола келтирилган маълумотларни айнан М.Пикулинадан олган. Аёл маълумот берганини инкор этаётганига сабаб эса унинг ўзига бўлаётган тазйиқлардан чўчиб қолганидир.
XS
SM
MD
LG