Линклар

Ҳамид Ғулом вафот этди


Озодбек 22 август куни Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ҳамид Ғулом 86 ёшида вафот этди. У собиқ иттифоқ даврида давлат ва жамоатчилик ишларида фаол қатнашган, раҳбар лавозимларда ишлаган ёзувчи эди.

Ҳ.Ғулом 1919 йил 25 апрелда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 1941 йилда Тошкент давлат педагогика институтини тамомлаган. Шундан сўнг кўп жойларда ишлаган, жумладан, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётига, Ўзбекистон ССР Ёзувчилар уюшмасига ҳамда “Шарқ юлдузи” журналига раҳбарлик қилган.

Ҳ.Ғулом “Машъал”, “Тошкентликлар”, “Бинафша атри”, “Машраб” каби романлар, кўплаб таржималар, достонлар, драматик асарлар муаллифи эди.

Ўзбекистон халқ шоири Шукрулло Ҳ.Ғуломни хотирлар экан, шахс сифатида ҳеч кимга ёмонлик истамаган одам бўлганини таъкидлади.

“Ҳамма мақтовни, шон-шуҳратни яхши кўради. Лекин Ҳамид Ғулом бировга ёмонлик қилиб обрў топаман, деган одам эмас эди. Ҳолбуки, ёзувчиларимиз орасида бировларга туҳмат қилиб, асарларини ёмонлаб, ҳукумат олдида обрў топамаган деганлар бор. Ҳамид Ғуломда бундай хислат йўқ эди”, - деди Шукрулло.

Адбиётшунос Умарали Норматов ҳам марҳум ёзувчи ҳамма вақт яхшиликка интилгани, бировга ёмонлик тиламаганини билдирди.

“КГБ архивидан кўп адибларнинг қатағон йиллари фаолияти билан боғлиқ маълумотларни ўрганганимда Ҳамид Ғуломнинг, у раҳбарлик лавозимларида ишлаган бўлишига қарамай, шаънига доғ туширадиган бирорта фактга дуч келганим йўқ”, - дейди У.Норматов.

Шукрулло Ҳ.Ғулом кўпроқ даврга мос келадиган асарлар яратганини, аммо ҳар қандай ёзувчининг асарига фақат китобхонгина тўғри баҳо беришини билдирди.

У.Норматов ҳам Шукруллонинг мулоҳазасига қўшилар экан, шўро даври барча адиблар ижодида ўз изини қолдирганини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG