Линклар

Фарғонада тиламчи болалар кўпаймоқда


Фарғонадаги одам гавжум жойларда тиланчилик қилиб юрувчилар кун сайин кўпайиб бормоқда. Садақа сўровчилар орасида мактаб ёшидаги болаларни ҳам тез-тез учратиш мумкин.

Фарғона шаҳридаги деҳқон бозори атрофида тиланчи болаларни шу ердаги ошхоналар эгалари хўрандаларга халақит бермаслиги учун ҳайдаб солади. Тиламчи гўдакларга раҳм кўзи билан қаровчилар ҳам кўп.

10 ёшли Гулҳаё ҳам бозорда тиланчилик қилади. Унинг отаси касал. Топган пулини онасига элтиб беради. Онаси эса бу пулга отаси учун зарур дори-дармон харид қилади.

“Мактабга бормайман. Аям мактабга бермаган. Кунига минг сўмгача пул топаман”, - дейди Гулҳаё.

Оддий фарғоналиклар мактаб ёшидаги болаларнинг тиламчилик қилишига ҳар хил муносабат билдиради.

“Мактаб ўқув қуроллари, кийимлар сотиб олиш учун ҳам пул керак. Ҳозир оддий мактабга ўқишга кириш учун ҳам пул керак бўлади. Текин мактаб, шифохоналар ўриснинг (совет замони демоқчи) даврида эди”, - дейди фарғоналиклардан бири.

Фарғоналиклар тиланчилар кўпайиб кетаётганининг асосий сабаби етишмовчиликда эканини айтмоқда. Баъзиларнинг фикрича, ҳозир кўчада юрган тиланчи қизлар улғайганида фоҳишалик қилиш учун чет элга олиб кетилишга асосий номзодлардир.

Фарғоналик диндорлардан бирининг сўзларига қараганда, одамлар ўз фарзандларига диний тарбия беришга чўчиб қолган. Тарбиясиз ўсаётган фарзандлар эса ҳар қандай йўлга, хусусан, тиламчиликка ҳам кириб кетаверади.
XS
SM
MD
LG