Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:26

Бош прокуратура “террорчи”ларнинг ҳимоячисини топди


Тўлқин 23 август куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси БМТнинг Қочқинлар иши бўйича олий комиссари бошқармасини “жиноятчи ва террорчилар”ни ҳимоя қилишда айблади.

Бош прокуратура ўзбекистонлик қочқинларнинг Олий комиссарлик ҳомийлигида Қирғизистондан бошқа мамлакатга кўчирилишига жавобан шундай баёнот тарқатди.

Баёнотда ёзилишича, шу йилнинг июнь ойида Бош прокуратураси Қирғизистон Бош прокурори номига 12-13 май кунлари Андижон воқеаларида фаол иштирок этган шахслар – “хавфли жиноятчилар”ни Ўзбекистонга қайтариб бериш тўғрисида сўров жўнатган. Ўзбекистонга қайтариб берилиши сўралганлар рўйхатида “ашаддий жиноятчилар” ҳамда “акрамийлар” диний экстремистик ташкилотининг етакчилари ҳам бор эди. Улардан 29 киши қочқинлар лагеридан Ўш шаҳридаги тергов изоляторига кўчирилган.

Баёнотда томонлар айбланаётганлар ишини текшириш учун ҳамкорликда давлатлараро тезкор тергов гуруҳи ташкил этиш тўғрисида расмий даражада келишувга эришган бўлса-да, Қирғизистон томони келишувдан воз кечгани айтилади.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Светлана Ортиқова Қирғизистон ташқи тазйиқлар остида шундай йўл тутишга мажбур бўлганини билдирди.

“Айрим Ғарб давлатлари, шунингдек, БМТнинг Қочқинлар иши бўйича олий комиссари бошқармаси ҳамда ҳуқуқни ҳмоя қилиш ташкилотлари тазйиғи остида Қирғизистон раҳбарияти жиноятчиларни қочқинлар сифатида учинчи мамлакатга чиқариб юборишга рухсат берди. Шу кунларда Бишкекдаги туманлараро судда улардан қолган тўрт кишининг иши кўриб чиқилмоқда”, - деди С.Ортиқова.

С.Ортиқованинг айтишича, бу тўрт шахсдан бири 1956 йилда туғилган Ёқуб Тошбоев ашаддий жиноятчи бўлиб, у наркотиклар савдоси билан шуғуллангани учун 1996 йилда озодликдан маҳрум этилган. Бу шахс 2005 йил 3 майда иккинчи бор 14 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинган, 13 май куни Андижон қамоқхонасидан озод этилган. Яна уч шахс – Расулжон Пирматов, Одилжон Раҳимов ва Жаҳонгир Мақсудов “акрамийлар” гуруҳи вакиллари бўлиб, Андижондаги қуролли ҳужумларда иштирок этган.

Бош прокуратура баёнотида мазкур шахсларнинг жинояти аниқлангани, тергов жараёнида гувоҳлар кўрсатмаси, фотосуратлар ва бошқа далилий ашёлар асосида тасдиғини топгани таъкидланади.

“Бoш прoкурaтурa бaёнoт бeрaдики, БМТнинг Қочқинлар иши бўйичa oлий кoмиссaри бoшқaрмaси вa Қирғизстон рaҳбaриятининг жинoятчилaрни Ўзбeкистoнгa тoпширмaсдaн, қочқинлар сифaтидa учинчи мaмлaкaтгa жўнaтиш тўғрисидaги қaрoри 1951 йилдa қaбул қилингaн Жeнeвa кoнвeнцияси ҳaмдa Қирғизистоннинг 2002 йил 22 aпрeлдaги "Қoчқинлaр тўғрисидa"ги қoнунигa зиддир. Вaҳoлaнки, ушбу ҳуқуқий ҳужжaтлaргa кўрa, сиёсий тусгa эгa бўлмaгaн ўтa oғир жинoятни сoдир этгaн шaхслaргa нисбaтaн кoнвeнция қўллaнилмaйди”, - дейилади баёнотда.

Баёнотда БМТнинг Қочқинлар иши бўйича олий комиссари бошқармасининг халқаро терроризмга қарши кураш кетаётган бир пайтда “террорчи ва жиноятчилар”ни ҳимоя қилиши БМТнинг халқаро мавқеига жиддий путур етказиб, бундай ҳаракатлар нуфузли халқаро ташкилотнинг эзгулик йўлидаги мақсад ва вазифаларига соя солиши қайд этилади.
XS
SM
MD
LG