Линклар

Тила тилагингни. “Ижтимоий фикр” айтганингизни муҳайё қилади


Феруза Ўзбекистондаги “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ўтказган сўров натижаси аҳолининг 98,4 фоизи ҳукуматнинг Андижон воқеаларида чоғида тутган сиёсатини қувватлашини кўрсатди.

Эълон қилинган сўров натижаларида таъкидланишича, респондентларнинг кўпчилиги мустақил Ўзбекистонга шу йилларда таҳдид солган энг катта хавф терроризм ва диний экстремизм эканини билдирган.

“Ижтимоий фикр” маркази раҳбари ўринбосари Марат Ҳожимуҳаммедов Андижон воқеалари хусусидаги сўров қаерда ўтказилгани, унда кимлар иштирок этгани тўғрисида “Озодлик” мухбирига маълумот беришни истамади. Аммо у умуман сўровлар ўтказиш тартиби ҳақида гапиришга рози бўлди.

М.Ҳожимуҳаммедовнинг сўзларига қараганда, сўровлар мамлакат бўйлаб ўтказилади ва бунда географик-ҳудудий омиллар ҳисобга олинади. Ҳар бир сўровда 1700-2000 киши қатнашади. Сўров 7 кун давомида ўтказилади.

М.Ҳожимуҳаммедов сўровлар мавзусини марказ ходимларининг ўзи танланишини таъкидлади.

Жамиятшунос Баҳодир Мусаев “Ижтимоий фикр”нинг сўров ўтказишда баъзи ҳийлалари борлигини билдирди.

“Марказ саволида респондент учун жавоб йўналиши, ҳатто жавобнинг ўзи ҳам аниқ ва тўла берилади. Респондентлар эса бор-йўғи уни тасдиқловчилар, холос. “Ижтимоий фикр” сўровларидан мақсад жамоатчилик фикрини ўрганиш эмас, балки ҳукумат сиёсатини аҳоли онгига сингдиришдир”, - деди Б.Мусаев.

Б.Мусаевнинг таъкидлашича, марказ ўз сўровларини жойлардаги маҳаллий ҳокимият вакиллари розилиги ва уларнинг тавсиялари билангина амалга оширади. Хусусан, Андижон воқеалари бўйича сўровда қатнашган респондентларнинг бирортаси тасодифий кишилар эмас.

Мустақил кузатувчи Насим Шароповнинг фикрича, Андижон воқеалари бўйича сўров натижалари жуда шубҳали.

“Респондентлар бу қонли воқеалар ҳақида қаердан маълумот олгани номаълум, - деди Н.Шарипов. - Сўровда қатнашганлар бу фожеаларда ҳукумат тўғри йўл тутганини айтаётган экан, унда ҳукумат ўзини кимга оқлаб кўрсатяпти?”

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевнинг таъкидлашича, “Ижтимоий фикр” сўров ўтказганини ҳам шубҳага олиш мумкин. Чунки бу натижалар шунчаки ёзиб берилган бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.

Т.Йўлдошев ҳозир мамлакат аҳли қаттиқ қўрқув остида яшаётгани, сўров натижалари Ўзбекистон ҳукуматининг ана шу қўрқувни яна бир карра тантана қилгани билан баробар эканини билдирди.
XS
SM
MD
LG