Линклар

logo-print

Фермерлар меҳнати қадрланмаслигидан хавотирда


Фирдавс Ўзбекистонда пахта терими мавсуми бошланишига саноқли кунлар қолди. Шунинг учун фермерлар топширган ҳосили учун аввалги йиллардаги каби кўнгилдагидек ҳақ берилмаслигидан хавотир билдиряпти.

Қашқадарёлик фермерлар орасида сарфлаган харажатию оладиган даромади учма-уч бўлиб қоладиганлар кўпчиликни ташкил этади.

“Давлат пахтани сотиб олаётган нарх деҳқонни қониқтирмайди. Ҳозир ўғит, ёқилғи-мойлаш материалларининг баҳоси жуда кўтарилиб кетган. Шунинг учун давлат тўлайдиган ҳақ урвоқ ҳам бўлмайди”, - дейди вилоятдаги фермерлардан бири.

2004 йилда давлат фермердан оладиган 1 тонна юқори сифатли пахта учун 260 минг сўм тўлаган. Бироқ ҳамма фермер ҳам пахтасини шу нархда сота олмайди. Бунинг устига, деҳқон бир килограмм пахтаси учун 260 сўмдан ҳақ олган бўлса, пахтадан олинадиган маҳсулотларни бундан бир неча баробар қиммат нархда харид қилади.

Суҳбатдош фермернинг айтишича, фермерлар топширган ҳосилидан чиқадиган маҳсулотларнинг 80 фоизини ўзи сотиб олиш ҳуқуқига эга. Уларга бир килограмм пахта ёғи 950 сўмдан, шрот 54 сўмдан, шелуха 23 сўмдан сотилади.

“Биз бир килограмм азот ва селитрани 156 сўмдан, аммофосни 320 сўмдан сотиб оламиз. Дефолиантлар ҳам ўта қиммат. Давлат эса пахтамизга, у юқори сифатли бўлса, 260 сўм тўлайди. Шунинг учун давлат харид нархини кўтармаса, деҳқонга оғир бўлади”, - дейди фермер.

Ўзбекистон пахта экспорт қилувчи мамлакат бўлишига қарамай, мамлакат ичида пахтадан олинадиган маҳсулотлар ҳақиқатан ҳам қиммат. Масалан, рўзғорда кўрпа-ёстиққа ишлатиладиган бир килограмм пахта шу кунларда 800-900 сўмдан сотиляпти. Оддий теримчи эса терган бир килограмм пахта учун 20-30 сўм ҳақ олади.

Расмий маълумотларга кўра, бир тонна пахта толаси дунё бозорида 1500 доллар туради. Ўртача ҳисоблаганда уч тонна пахтадан бир тонна тола чиқади. Уч тонна пахта хомашёси учун эса фермерга 750 минг сўм атрофида ҳақ тўланади.
XS
SM
MD
LG