Линклар

Санжар Умаров газета билан судлашмоқда

  • Садриддин Ашур

Тошкент шаҳридаги Шайхонтоҳур туманлараро фуқаролик ишлари судида “Серқуёш Ўзбекистоним” коалицияси раиси Санжар Умаровнинг “Зеркало 21” газетасига нисбатан даъво аризаси асосида суд жараёни бошланди.

С.Умаров газетада чоп этилган “Айёр буқаламун” (“Лукавый оборотень”) сарлавҳали мақолада ўзининг шахсияти ҳақорат қилингани, шаънига иснод келтирадиган гаплар айтилгани, тадбиркорлик обрўсига путур етказилганини даъво қилмоқда.

Коалиция раҳбари газетадан мазкур мақола учун узр сўраб, раддия беришни ва етказилган маънавий зарар учун 50 миллион сўм тўлашни талаб қилмоқда.

С.Умаровнинг сўзларига кўра, мақолада келтирилган “физик олим катта пулнинг таъмини хорижий компаниялар билан ишлай бошлагандан кейин сезди” ёки “Умаровлар оиласининг жиноий ишлари рўйхатини узоқ давом эттириш мумкин” сингари сўзлар у ва оиласининг шаънини ерга уради. Мақолада уни Ўзбекистондан чиқариб юбориш кераклигига ишора бор.

С.Умаровнинг айтишича, унга ва унинг тадбиркорлик билан шуғулланувчи оила аъзоларига шу йил баҳордан турли ҳужумлар бошланган. Уларга тегишли компанияларда режадан ташқари текширувлар ўтказилган. Бунинг сабаби унинг “Серқуёш Ўзбекистоним” коалициясига раҳбарлик қилаётгани, ҳукуматни танқид остига олаётганидир.

С.Умаров “Зеркало 21” газетасида чоп этилган мақолани ҳам шу каби ҳужумларнинг давоми сифатида қабул қилишини билдирди. Унинг таъкидлашича, мақола муаллифи Азиз Тангрибердиев журналистларга нотаниш исми-шариф.

Шунинг учун ҳам С.Умаров суддан мақола муаллифи чақирилишини талаб қилди. Аммо газета ҳуқуқшуноси Яков Кушнер суддан газета зиммасидан жавобгарликни соқит қилишни сўради. Унинг билдиришича, газета юридик шахс эмас. У “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа уйининг нашри ҳисобланади. Шунинг учун жавобгар матбаа уйи бўлиши лозим.

Я.Кушнер Умаровлар оила аъзолари устидан бошланган жиноят иши ниҳоясига етмагунча, газетага нисбатан даъвони кўриб чиқишни тўхтатишни сўради. Аммо судья бу илтимосни рад этиб, 5 сентябгача танаффус эълон қилди ва “Ўзбекистон” нашриёти судга жавобгар сифатида чақирилишини билдирди.
XS
SM
MD
LG