Линклар

logo-print

Бош прокуратура андижонлик қочқинлар яна “террорчилик” қилишидан хавотирда


Шайбон 25 август куни Ўзбекистон Бош прокуратураси БМТнинг Қочқинлар иши бўйича олий комиссари бошқармаси паноҳ берган кишилар орасида ашаддий жиноятчилар борлиги, улар исталган вақтда Андижондаги каби намойишлар уюштириши мумкинлиги ҳақида навбатдаги баёнот билан чиқди.

Бош прокуратура матбуот котиби Светлана Ортиқованинг айтишича: “Ғарб давлатлари ва бир неча халқаро ташкилотлар тазйиқи остида қочқин мақоми берилиб, Қирғизистондан Руминияга олиб кетилган Ўзбекистон фуқаролари орасида террорчи ва жиноятчилар бор. Улар тартибни сақлаш муассасалари, ҳарбий қисм ва Андижон қамоқхонасига ҳужумларда иштирок этиб, маҳбусларни озод қилган ва вилоят ҳокимлигини эгаллаб олган. Уларнинг айримлари ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ва тинч фуқароларни ўлдирганликда айбланмоқда”.

С.Ортиқова Ўш шаҳридаги тергов изоляторида сақланаётган ўзбекистонлик 15 фуқаро хусусида тўхталиб, улар жиддий жиноятлар содир этишда айбланаётгани, аммо БМТнинг Қочқинлар иши бўйича олий комиссари бошқармаси уларга қочқин мақомини беришга уринаётганига эътироз билдирди.

“Бошқарма вакиллари Қирғизистон ҳукуматига мислсиз тазйиқ ўтказиб, Ўзбекистонга қайтарилишига қонуний асослар бўлса-да, уларни ҳам қочқин сифатида чет элга чиқариб юбориш тараддудини кўрмоқда. Унутмаслик керакки, уларнинг аксарияти Фарғона водийсида халифалик давлати қуришни мақсад қилган “акрамийлар” диний экстремистик гуруҳи аъзоларидир”, - деди С.Ортиқова.

Ўзбекистон Бош прокуратураси бундан аввалги - 24 август кунги баёнотида ҳам БМТнинг Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги бошқармасини “ашаддий жиноятчилар ва террорчилар”ни ҳимоя қилишда айблаганди.

Бошқарма вакили Руперт Колвил мазкур баёнотга жавоб қайтариб, Ўзбекистон ҳукумати Андижонни тарк этган бир неча кишини керакли далиллар келтирмаган ҳолда асоссиз айблаётгани, агар қочқинлар мақомига эришган фуқаролардан бирортасига нисбатан жиддий далиллар тақдим этилса, бошқарма уларни кўриб чиқишга тайёр эканини билдирди.

С.Ортиқова Бош прокуратура экстадиция бўйича Қирғизистонга юборилган сўровда айбланувчиларнинг жиноятлардаги иштирокини тасдиқловчи далиллар илова қилингани, шунинг учун Р.Колвилнинг бу борадаги даъволари мутлақо асоссиз эканини маълум қилди.

Олий комиссарлик зарур далиллар ва ҳужжатлар тақдим этилишига қарамай, уларни эътиборсиз қолдириб, ўз билганича иш тутяптими, деган саволга С.Ортиқова ҳали бундай баҳо беришга бироз эрта, дея жавоб қайтарди.

Бош прокуратура вакиласи бошқа ҳолатга жиддий эътибор қаратиш ўринли эканини таъкидлади.

“26 та автомат, 50 та тўппонча, 3 та пулемёт, 106 та граната, 47 та аскар пичоғи ва мингга яқин ўқ-дори ҳамон қидирувда қолмоқда. Ғарб давлатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан ҳимоя қилиниб, тинч қочқинлар экани айтилаётган бу шахслар Андижондаги каби бир неча “тинч намойишлар” ўтказиш имконини берувчи бундай қурол-яроққа эга бўлгани ҳолда нафақат Марказий Осиё минтақаси, балки бошқа давлатларда ҳам террорчилик ҳаракатлари содир этмаслигига ҳеч қандай кафолат йўқ”, - деди С.Ортиқова.
XS
SM
MD
LG